Ноқонуний «Умра» сафари: икки фирма раҳбари қўлга тушди
Фуқароларнинг муқаддас «Умра» зиёратига бориш истагидан фойдаланиб, ноқонуний даромад орттирмоқчи бўлган шахслар аниқланди. Тошкент ва Самарқанд вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирларда зиёратчиларни Саудия Арабистонига юборишни ваъда қилиб, улардан минглаб доллар олган икки сайёҳлик фирмаси раҳбари ушланди.
Маълум бўлишича, ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Бекобод шаҳрида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси раҳбари ушланди. Унинг «Умра» зиёратини ташкил этиш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳолда, уч нафар фуқарони Саудия Арабистонига юбориш эвазига 3 450 АҚШ доллари олгани ашёвий далиллар билан фош этилди.
Мазкур ҳолат юзасидан фирма раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунга ўхшаш ҳолат Самарқанд шаҳрида ҳам қайд этилди. Тегишли лицензияга эга бўлмаган сайёҳлик фирмаси раҳбари тўрт нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни «Умра» зиёратига юборишни ваъда қилган. Бунинг эвазига у 6 000 АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган.
Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА