Самарқанддан жаҳонга назар солувчи нашрнинг янги сони ўқувчилар қўлида
Дунё шиддат билан ўзгариб, халқаро майдонда янги тенденциялар ва ёндашувлар юзага келаётган бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш муҳим аҳамият касб этади.
Шу маънода, «Самарқандим» ижтимоий-сиёсий, илмий-маърифий, тарихий, оммабоп журналининг 2026 йил 3-сони долзарб ва серқирра мавзуларга бойлиги билан эътиборни тортади.
Нашр саҳифаларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессиясида сўзлаган тарихий нутқи ҳамда халқаро ҳамкорликка оид муҳим қарашлари кенг ёритилган. Хусусан, глобал ишонч инқирози шароитида давлатимизнинг очиқлик, яхши қўшничилик ва ўзаро мулоқот йўлини танлагани чуқур таҳлил қилинган. Материалларда давлат қудрати фақат иқтисодий ёки ҳарбий салоҳият билан эмас, биринчи навбатда, инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан белгиланиши қайд этилган.
Журналда ташқи сиёсатдаги муҳим қадамлар қаторида АҚШ билан стратегик шериклик алоқаларига ҳам алоҳида ўрин берилган. Самарқанд шаҳрида ўтказилган «C5+1» форматидаги учрашувлар, Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши доирасида эришилган йирик келишувлар икки томонлама муносабатларда янги даврни бошлаб бергани ўз ифодасини топган.
Шунингдек, нашрдан ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар мазмунига бағишланган «Соғайишдан фаровонлик сари», «Мустақилликка ишонч уйғотган йиллар» ҳамда «Ўзбек орзуси» каби таҳлилий мақолалар ўрин олган. Уларда сифатли таълим, уй-жой, муносиб иш ва осойишта ҳаёт ҳар бир оила учун ҳақиқатга айланиб бораётгани баён этилган. Бундан ташқари, Туркиянинг «Daily Sabah» нашрида эълон қилинган таҳлилий мақола, маънавий қадриятларимиз акс этган «Имом Бухорий зиёрати» ҳамда Ҳайдар Алиев фонди вице-президенти, «Баку» журнали бош муҳаррири Лейла Алиеванинг тарихий хотира ва шахсларга бағишланган «Менинг бобом – Ҳайдар Алиев!» чиқиши каби материаллар ўқувчини бефарқ қолдирмайди.
Илмий-маърифий ва маданий йўналишда «Марказий Осиё – илм-фан маркази», «Ўзбекистон илм маёғидир», «Сўғднинг унутилган саройи» ҳамда «150 минг йиллик кашфиёт» мақолалари орқали минтақамизнинг бой тарихи ва илмий салоҳияти очиб берилган. Хусусан, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг нуфузли «QS Asia University Rankings 2027» рейтингида юқори натижа қайд этиб, Осиёнинг энг яхши университетлари қаторидан жой олгани алоҳида таъкидланган. Спорт соҳасидаги ютуқлар эса Самарқандда якунланган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, жаҳон шахмат тожи сари интилаётган ёшларимизнинг зафарлари ва спорт тарихидаги янги саҳифалар мисолида ёритилган.
Журналнинг ушбу сони ҳам юртимизда кечаётган бунёдкорлик жараёнлари, ташқи сиёсатдаги муваффақиятлар, илмий янгиликлар ва маънавий меросимизни ҳар томонлама очиб берувчи, пухта тайёрланган аналитик нашр сифатида чоп этилган, десак, хато бўлмайди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА