Президент мактуби – барча авлодларга йўлланган мурожаат
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси ташаббуси билан Сирдарё туманида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Иорданияга учаётган самолётда суюкли набираси Шавкатбекка йўллаган самимий мактубининг мазмун-моҳиятига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Видеоселектор шаклида ташкил этилган тадбирда «Нуроний» жамғармаси республика бошқаруви раиси Содиқжон Турдиев, жамғарманинг вилоят, шаҳар ва туман бўлимлари раҳбарлари, фаол нуронийлар, маҳалла вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги студиялар орқали ҳудудий вакиллар ҳам мулоқотга уланди.
Видеоселекторни олиб борган «Нуроний» жамғармаси республика бошқаруви раиси Содиқжон Турдиев мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, уларнинг замирида инсон қадрини улуғлаш ва халқ манфаатларини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланганига эътибор қаратди.
«Нуроний» жамғармаси республика бошқаруви раиси Содиқжон Турдиев Президентимизнинг набирасига йўллаган мактуби оддий оилавий мурожаатдан кўра кенгроқ маъно касб этишини, унда меҳрибон бобонинг ўз фарзандлари ва набиралари тимсолида бутун мамлакат ёшларига қаратилган ҳаётий ўгитлари, самимий насиҳатлари мужассам эканини таъкидлади.
– Барчангиз яхши биласиз, давлатимиз раҳбари юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида тинмай меҳнат қилмоқда. Ҳатто узоқ сафарларда ҳам вақтни беҳуда ўтказмай, мамлакатимиз тараққиётига дахлдор масалалар билан шуғулланади. Иорданияга ташриф олдидан севимли набираси Шавкатбекнинг «Нега Сиз доим узоқ сафарларга кетасиз?» деган саволига жавоб бериш мақсадида самолётда мактуб ёзади.
Мен ҳам ушбу мактубни ўқиб чиқиб, жуда таъсирландим. Унда оилавий меҳр, фарзанд тарбияси, авлодлар ўртасидаги муносабатлар ва инсоннинг ҳаётдаги масъулияти ҳақидаги муҳим фикрлар жамланган. Биз ҳам набираларимизни эркалатамиз, уларга меҳр кўрсатамиз. Аммо фақат эркалатиш билан чекланиб қолмасдан, уларнинг тарбияси, келажаги, ҳаётда ўз ўрнини топиши ҳақида ҳам қайғуришимиз керак. Менимча, ушбу мактуб ҳар биримиз учун ўзига хос сабоқдир, – деди Содиқжон Турдиев.
Жамғарма раиси нуронийларни мактубни, аввало, ўз оиласидаги фарзанд ва набираларига ўқиб беришга, унинг мазмун-моҳиятини ёшларга тушунтиришга чақирди. Шунингдек, маҳаллалар, умумтаълим мактаблари ва бошқа таълим муассасаларида ҳам тарғибот тадбирларини ташкил этиш зарурлигини билдирди.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Суюкли набирам Шавкатбекка парвоз давомида битилган мактуб»и йиғилиш иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.
Мактубда илгари сурилган оилавий тарбия, фарзандлар камолоти, авлодлар давомийлиги, юрт тинчлиги ва мамлакат тараққиёти учун масъулият каби муҳим масалалар иштирокчиларни чуқур мушоҳада юритишга ундади.
Мулоқот давомида Сирдарё вилояти ва бошқа ҳудудлардан иштирок этган нуронийлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар мактуб юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
– Президентимиз бизни ўз невараларидек кўриб, ҳаётий маслаҳатлар берганлари учун катта раҳмат айтаман. Бугун биздан талаб қилинаётган энг муҳим нарса – ўқиш ва илм олиш. Келажакда билимли, етук инсон бўлиб камол топишимиз, орзуларимизга эришишимиз нафақат ўзимиз, балки юртимиз учун ҳам муҳим, – дейди Сирдарё туманидаги 5- умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Умида Бойматова.
Шу мактабнинг 7-«Б» синф ўқувчиси Зуҳриддин Байзаевнинг фикрича, мактуб ёш авлод учун муҳим ҳаётий сабоқ ва ибрат манбаидир.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг набирасига ёзган мактубини ўқиб, катта таассурот олдик. Биз давлатимиз раҳбари билан фахрланамиз. Бугун ёшлар учун яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, яхши ўқишимиз, билим олишимиз керак. Бунинг учун барча шароитлар мавжуд, – дейди у.
Сўзга чиққанлар мактубнинг содда, равон ва болалар қалбига яқин тилда ёзилгани, ундаги ҳар бир фикр ҳаётий тажриба ва муҳим хулосаларга асосланганини эътироф этдилар. Унда Президентимизнинг шахсий ҳаёт йўли, юрт тараққиёти йўлидаги меҳнати, келажак авлод олдидаги масъулият ва ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақидаги муҳим сабоқлар мужассам эканига эътибор қаратилди.
– Президентимиз Иорданияга ташрифи чоғида самолётда набираси Шавкатбекнинг «Нега Сиз доим узоқ сафарларга кетасиз?» деган саволи ҳақида ўйлаб, унга мактуб ёзганлари бизда катта таассурот қолдирди. Бугун биз Сирдарё вилоятидан туриб республика миқёсида ташкил этилган ушбу мулоқотда мактубни мароқ билан тингладик, ҳар бир бандининг мазмун-моҳиятини муҳокама қилиб, ўз муносабатимизни билдирдик. Унда Президентимизнинг ҳаёт йўли, юртимизнинг порлоқ келажаги учун амалга ошираётган ишлари, ёш авлод олдида турган вазифалар жуда содда ва тушунарли тарзда баён этилган. Менимча, бу мактубни фақат бир мурожаат сифатида қабул қилмаслигимиз керак. У фарзандларимиз бахтли келажаги, ёшларимизнинг камолоти учун муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилади. Уни ҳар бир ота-она, бува ва буви ўз фарзандлари, набираларига етказиши зарур, – дейди биринчи даражали меҳнат фахрийси Рустамбек Турдиев.
Меҳнат фахрийси, хусусан, илгари ўқувчиларнинг пахта йиғим-теримига жалб этилгани билан бугун ёшларнинг таълим олиши ва ўз қобилиятини рўёбга чиқариши учун яратилаётган шароитлар ўртасидаги фарқни алоҳида эътироф этди. Шунингдек, мамлакатимизда миллий ва диний қадриятларни тиклаш, буюк алломалар меросини ўрганиш, жумладан, Имом Бухорий мажмуасини қайта барпо этиш борасидаги ишларга тўхталди.
Тадбирда билдирилган фикр-мулоҳазалар мактубда илгари сурилган ғояларни кенг жамоатчиликка етказиш, уларнинг тарбиявий аҳамиятини оила, маҳалла ва таълим муассасаларида изчил тарғиб этиш зарурлигини кўрсатди. Бинобарин, фарзанд тарбияси фақат таълим муассасалари зиммасидаги вазифа эмас, балки ота-она, бува-буви, маҳалла ва бутун жамиятнинг муштарак масъулиятидир.
Йиғилиш якунида нуронийлар мактубни ёш авлод тарбиясида муҳим маънавий манба сифатида кенг тарғиб этиш, уни оила даврасида фарзандлар ва набиралар билан биргаликда ўқиб, мазмун-моҳиятини муҳокама қилиш борасида фаол иштирок этишга келишиб олдилар.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат),
ЎзА мухбирлари