Ичимлик сув муаммоси ҳал этилди
Инсон қадрини улуғлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш ва одамларни қийнаётган муаммоларга жойида ечим топиш — мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим мезонларидан биридир. Давлат раҳбари илгари сураётган халқ билан мулоқот қилиш, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ва ҳаётий эҳтиёжлар турганини англаб иш тутиш тамойили жойлардаги амалий ишлар мазмунида ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Бухоро туманидаги “Гулшанобод” маҳалласида ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммонинг ижобий ҳал этилгани бунинг яққол мисолидир.
Маълумки, Бухоро шаҳрига туташ бўлган Бухоро ва Когон туманларининг айрим ҳудудлари ичимлик суви билан Бухоро шаҳар сув таъминоти корхонаси орқали таъминланади. Ана шундай ҳудудлардан бири — “Гулшанобод” маҳалласида ҳам аҳолини йиллар давомида қийнаб келган сув таъминоти муаммоси мавжуд эди.
Маҳалла фуқароси Х. Наврўзова Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонасига ишонч телефони орқали мурожаат қилиб, 2005 йилда ичимлик суви қувурлари тортилиб, хонадонлар тармоққа уланган бўлса-да, аҳолига сув мунтазам етказиб берилмаётганини билдирган.

Эътиборлиси, ушбу мурожаат оддий ариза сифатида эмас, аҳолининг кундалик ҳаётига бевосита таъсир кўрсатаётган долзарб масала сифатида қабул қилинди. Бухоро шаҳар Халқ қабулхонаси томонидан назоратга олиниб, масъуллар иштирокида жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Ўрганишлар давомида сув қувурларининг эскиргани оқибатида тармоқда сизиб чиқиш ҳолатлари юзага келаётгани аниқланди.
Муаммонинг сабаби ойдинлашгач, уни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Бухоро шаҳар ҳокимлиги ташаббуси ва амалий кўмаги билан “Бухоро сув таъминот” АЖ шаҳар филиалининг махсус техникалари ҳамда мутахассислари жалб этилди.
Натижада жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида маҳалла ҳудудида жами 1,2 километр ичимлик суви қувурлари янгидан ётқизилди. Бу орқали аҳолини узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш йўлидаги муҳим тўсиқ бартараф этилди.

Бир қарашда 1,2 километр қувур тортилиши оддий инфратузилма ишидек туюлиши мумкин. Аммо унинг ортида йиллар давомида сув кутиб яшаган оилалар, кундалик турмушда қатор қийинчиликларга дуч келган инсонлар манфаати мужассам. Шу боис бу ишнинг аҳамиятини фақат бажарилган қурилиш ҳажми билан эмас, балки одамлар ҳаётида юз берган ижобий ўзгаришлар билан баҳолаш лозим.
Бу ҳолат халқ билан мулоқотнинг моҳиятини ҳам очиб беради: мурожаатни эшитишнинг ўзи кифоя эмас, унинг сабабини аниқлаш, масъулларни сафарбар этиш ва натижага эришиш муҳим. Зеро, давлат идоралари фаолиятининг самараси, энг аввало, фуқароларнинг ҳаётида сезиладиган ўзгаришлар, ҳал этилган муаммолар ва одамларнинг розилиги билан ўлчанади.
Гулшанобод маҳалласида ичимлик суви таъминоти яхшилангани ҳам аҳоли мурожаатларига эътибор, муаммоларни жойида ўрганиш ва уларнинг амалий ечимини топишга қаратилган тизимли ишларнинг навбатдаги натижасидир.
Энг муҳими, бугун одамларнинг мурожаатига қулоқ тутиш, уларнинг дардини ўз вақтида эшитиш ва муаммосини ҳал этиш давлат идоралари фаолиятидаги устувор вазифага айланиб бормоқда. Чунки ислоҳотларнинг ҳақиқий қиймати қоғоздаги рақамлар ёки ҳисоботларда эмас, балки ҳар бир хонадонга кириб борган фаровонлик, яратилган қулайлик ва инсоннинг ҳаётдан розилигида намоён бўлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири