Сув 20 фоизга камайди, аҳоли 2 баробар ошди – Ўзбекистон тақчилликни қандай енгмоқда?
Сув хавфсизлиги бугун нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё учун стратегик аҳамиятга эга масалалардан бирига айланмоқда.
Сув тақчиллиги, иқлим ўзгариши ва сув ресурсларига бўлган эҳтиёжнинг ортиши мавжуд захиралардан оқилона фойдаланиш, тежамкор технологияларни кенг жорий этиш ҳамда трансчегаравий сувлар бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни тақозо этади.
Айниқса, сув ресурсларининг 80 фоиздан ортиғи мамлакатимиз ташқарисида шаклланишини ҳисобга олсак, бу масалага комплекс ёндашиш, ички имкониятлардан самарали фойдаланиш ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев билан кечган суҳбатимизда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, оби-ҳаётни тежовчи технологияларни жорий этиш натижалари, сув тақчиллиги хавфини камайтириш чоралари ҳақида сўз борди.

– Шавкат Раҳимович, мамлакатимизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда суғориладиган майдонларнинг қанча қисми тежовчи технологиялар билан қамраб олинган?
– Тўғри айтдингиз, мамлакатимизда сув хўжалиги соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, исрофгарчиликни камайтириш ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада қабул қилинган фармон ва қарорлар асосида соҳада аниқ мақсад ва вазифалар белгиланган.
Бугунги кунда мамлакатимизда жами 4 миллион 300 минг гектар суғориладиган майдон мавжуд. Йил бошида ушбу майдонларнинг 60 фоизи сув тежовчи технологиялар билан қамраб олинган эди. Жорий йилнинг ўзида қарийб 600 минг гектарда бу технологияларни жорий этиш ишлари амалга оширилди. Натижада қамров даражаси 65 фоиздан ошди. 2031 йилга бориб эса барча суғориладиган майдонларни сув тежовчи технологиялар билан қамраб олишни мақсад қилганмиз.
Бунинг самараси, аввало, бир гектар майдонга сарфланадиган сув миқдорида кўринади. Масалан, илгари бир гектар пахта майдонига 6-7 минг куб метр сув берилган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 3-4 минг куб метрни ташкил этмоқда. Бунда сув сарфи қарийб икки баробар қисқармоқда. Бошқа экин турларида ҳам томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш усуллари орқали сув тежалади. Айрим экинларда бу кўрсаткич 30-40 фоизни, бошқаларида эса ярмини ёки ундан ҳам кўпроғини ташкил этади.
Сув тежовчи технологияларнинг самараси фақат сув сарфининг камайиши билан чекланмайди. Улар минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, техника ва меҳнат ресурслари билан боғлиқ харажатларни ҳам қисқартиради. Натижада маҳсулот таннархи пасаяди, айрим майдонларда эса ҳосилдорлик қарийб икки баробар ошиши мумкин. Демак, бу технологиялар сувни тежаш билан бирга қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг иқтисодий самарадорлигини ҳам оширади.
Сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳисобига йилига қарийб 5 миллиард куб метр сув тежалмоқда. Бу эса мавжуд сув ресурсларидан янада унумли фойдаланиш имконини беради.
– Суғориш тармоқларини бетонлаштириш ишлари ҳақида гапирсангиз. Бу борада қандай натижаларга эришилмоқда?
– Сув тежаш фақат далада сув тежовчи технологияларни жорий этиш билан чекланмайди. Суғориш тармоқларини бетонлаштириш ҳам бу борада жуда муҳим. Чунки айрим каналларда фойдали иш коэффициенти 50-60 фоизгача тушиб кетган эди. Бетонлаштириш ишлари натижасида бу кўрсаткични 90-95 фоизга етказиш имкони яратилмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, каналларни бетонлаштириш орқали йилига тахминан 5 миллиард куб метр сув тежалмоқда. Сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳисобига ҳам қарийб 5 миллиард куб метр сув тежалади. Жорий йилда барча чора-тадбирлар натижасида қарийб 11 миллиард куб метр сув тежашга эришдик. Агар бу ишлар амалга оширилмаганида, шунча миқдордаги сув тақчиллиги юзага келган бўларди.
Бетонлаштирилиши лозим бўлган суғориш тармоқларини 2035 йилгача тўлиқ қамраб олиш режалаштирилган. Бироқ барча каналларни бетонлаштириш мумкин эмас. Айрим дарё ва сойлар, шунингдек, дренаж вазифасини бажарадиган йирик каналлар бор. Бундан ташқари, аввал бетонланган каналлар ҳам вақт ўтиши билан таъмирталаб ҳолга келади. Шунинг учун бу жараён доимий давом этади.
– Сув ресурслари камайиб бораётгани, аҳоли ва иқтисодиёт эҳтиёжлари эса ортиб бораётгани шароитида сув тақчиллиги хавфини қандай баҳолайсиз?
– Мустақилликдан олдинги даврда Ўзбекистон йилига ўртача 64 миллиард куб метр сув олган. Ҳозирги кунда эса бу кўрсаткич 51-52 миллиард куб метрни ташкил этмоқда. Яъни, аввалги даврга нисбатан сув олиш ҳажми 20-21 фоизга камайган. Шу билан бирга, аҳоли сони икки баробар ошди, сувга бўлган талаб ҳам сезиларли ортди. Қишлоқ хўжалиги, саноат, балиқчилик ва экологик эҳтиёжлар учун сув зарур.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб сув тақчиллиги 15 миллиард куб метрга яқинлашиши мумкин. Шу боис биз сувни тежаш бўйича чора-тадбирларни янада кучайтиришимиз керак. Каналларни бетонлаштириш, насосларнинг самарадорлигини ошириш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш орқали йилига 15 миллиард куб метр сув тежаш мақсад қилинган.
Бу борадаги натижаларни қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги мисолида ҳам кўриш мумкин. Жорий йилда 5 миллион тонна пахта ҳосили олинди. Аввалги йилларда бу кўрсаткич 3 миллион тонна атрофида эди. Ғалла ҳосили эса 10 миллион тоннага етди, келгусида 15 миллион тонналик марра белгиланган. Бу натижалар сув сарфини кўпайтириш ҳисобига эмас, балки агротехника, илм-фан ютуқлари ва сув тежовчи технологияларни қўллаш орқали таъминланмоқда.
Рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этиш ҳам сув ресурсларини тезкор ва самарали бошқаришга хизмат қилмоқда. Бу чораларнинг барчаси сувдан оқилона фойдаланиш ва тақчиллик хавфини камайтиришга қаратилган.
– Сув ресурсларининг кўп қисми мамлакатимиз ташқарисида шаклланади. Шуни ҳисобга олсак, трансчегаравий сувлар билан боғлиқ масалалар, хусусан, Қўштепа канали ва Роғун ГЭСи бўйича нима дея оласиз?
– Сув ресурсларимизнинг 80 фоиздан ортиғи трансчегаравий сувлар ҳисобидан шаклланади. Шунинг учун қўшни давлатлар билан доимий мулоқот ва ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга.
Қўштепа канали ҳозир қурилиш жараёнида. Ҳали бу каналдан сув олинмаяпти. Унинг қурилиш жараёни қандай кечаётгани, қандай ишлар амалга оширилаётганини кузатиб боряпмиз. Афғонистон билан бу масалада доимий мулоқот олиб борилмоқда. Ўтган ҳафта ҳам Афғонистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Афғонистон ҳам Амударё сувидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Канал қурилиши тугаганидан кейин қанча сув олиниши ва бошқа масалалар бўйича келишувларга эришиш, тегишли ҳужжатларни имзолаш режалаштирилган.
Роғун ГЭСи бўйича эса қурилиш ишлари камида 4-5 йил давом этади. Сув омборини тўлдириш жараёни тахминан 2035 йилгача чўзилади. Унинг лойиҳавий сиғими 13,3 миллиард куб метр, тўғоннинг баландлиги 335 метрни ташкил этади. Ҳозир тўғон 200 метрдан баланд қилиб қурилган. Янги иншоотни бирданига тўлдириб бўлмайди. Ҳозирча 1-1,5 миллиард куб метр сув тўплашга рухсат бўлган ва сув босқичма-босқич жамғарилмоқда.
Биз Амударё бўйича белгиланган сув лимитларимизни оляпмиз. Тожикистон Ўзбекистоннинг сув улушини олаётгани йўқ. Бу жараёнда Нурек сув омборини бошқариш, сувни ойлар кесимида тақсимлаш масалалари муҳим. Бу борада Тожикистон билан мунтазам учрашувлар ўтказиб, ҳамкорлик қиляпмиз.
– Хитой компаниялари билан ирригация тармоқларини бетонлаштириш бўйича ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда. Лойиҳаларни амалга ошириш муддатларига таъсир кўрсатаётган омиллар нималардан иборат?
– Хитой билан сув хўжалиги соҳасида кўп йиллик ҳамкорлигимиз бор. Шу даврда Хитой билан 15 дан ортиқ йирик лойиҳа амалга оширилган. Уларнинг умумий қиймати бир миллиард доллардан ортиқни ташкил этади. Бу лойиҳаларнинг самарадорлиги юқори бўлган, айримлари имтиёзли кредитлар асосида бажарилган.
Масалан, Жанубий Қорақалпоғистондаги дренаж лойиҳаси 100 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга хизмат қилган. Тўрткўл, Элликқалъа ва Беруний туманларида аввал ер ости сувларини Амударёга ташлайдиган иккита мелиоратив насос станцияси ишлаган. Бу сувлар ифлосланган бўлиб, дарёга ташланиши экологик муаммоларни келтириб чиқариши мумкин эди. Лойиҳа доирасида 300 километр коллектор қурилди. Тендернинг дастлабки қиймати 48 миллион доллар бўлган, Хитой компанияси ишни 33 миллион долларга ютиб, 31 миллион долларга бажариб берган.
Шунингдек, Қоракўл, Улуғнор, Раиш-Ҳаққулобод, Гулбаҳор насос станцияларини реконструкция қилиш, бошқа ҳудудларда мелиоратив ҳолатни яхшилаш ишларида ҳам Хитой компаниялари иштирок этган. Қоракўл насос станцияси учун фоизсиз кредит, бошқа айрим лойиҳалар учун эса 30 йиллик, 1-1,5 фоизли имтиёзли кредитлар ажратилган.
Ҳозир ҳам Хитой компаниялари билан ирригация тармоқларини бетонлаштириш бўйича музокаралар олиб бориляпти. Бу жараёнда асосий масала нарх билан боғлиқ. Биз тендерда таклиф қилинган ҳар қандай нархга рози бўла олмаймиз, чунки Ўзбекистон манфаатини ҳисобга олишимиз керак. Хитой компанияларининг техникани ўзлари олиб келиши, маҳаллий шароитни яхши билмаслиги, қум ва шағални қаердан олиш масаласи каби омиллар таннархга таъсир қилмоқда. Шунинг учун уларга маҳаллий хомашё манбалари ва бошқа имкониятларни кўрсатиш орқали харажатларни камайтиришга кўмаклашишимиз мумкин.
Лойиҳалардан бири Қашқадарё вилоятига, иккинчиси эса Бухоро, Сурхондарё ва Наманган вилоятларига тегишли. Бу ишлар учун белгиланган бюджет доирасида келишувга эришиш мақсад қилинган. «Sinohydro» компанияси билан ҳам музокаралар давом этмоқда. Компания якуний таклифини 1 декабргача тақдим этишини билдирган. Тендер жараёни ҳали якунланмагани сабабли нархлар ва айрим молиявий маълумотларни ҳозирча ошкор қилмаймиз.
– Ифлосланган сувларнинг дарё ва каналларга тушишининг олдини олиш, ёмғир сувларини тўплаш ва зовур-оқава сувларидан қайта фойдаланиш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Дарё, сой ва каналларга ифлосланган сувлар тушишининг олдини олиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бу йўналишда назорат пунктлари мавжуд бўлиб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Асосий мақсад сув манбаларининг ифлосланишига йўл қўймаслик ва уларнинг сифатини сақлашдан иборат.
Тошкент ва Янги Тошкентда ёмғир сувларини тўплаш, уларни кейинчалик дарахтларни суғориш ва бошқа мақсадларда ишлатиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилган. Айрим ҳудудларда ёмғир сувлари ер остидаги махсус резервуарларда жамғарилиши кўзда тутилган. Бу борада лойиҳа институтлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Ўйлайманки, уч йил, кўпи билан беш йил ичида бу масалада сезиларли натижаларга эришамиз.
Бухорода ҳам Амударёга оқиб тушаётган ифлосланган сувларни маълум даражада тозалаб, кўлга йўналтириш ишлари амалга оширилмоқда. Бундай ишлар Сирдарё ва Жиззах вилоятларида ҳам олиб борилмоқда.
Имкон бўлган жойларда зовур ва оқава сувларидан сифатига қараб қайта фойдаланиш чоралари кўрилмоқда. Ер ости сувларидан ҳам қудуқлар орқали фойдаланиш имкониятлари ўрганиляпти. Асосий мақсад сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ифлосланишнинг олдини олишдир.
– Сув таъминоти бўйича халқаро кўрсаткичларда Ўзбекистоннинг ўрни қандай? Бу соҳага давлат бюджети ҳисобидан қанча маблағ йўналтирилмоқда?
– Сув таъминотидаги қийинчилик даражасини баҳолайдиган халқаро индекслар мавжуд. Вазирликдаги маълумотларга кўра, ушбу индекс 2017 йилда 169 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилда 122 фоизга тушган. Яъни ушбу даврда кўрсаткич 47 фоиз бандга яхшиланган. Кейинги беш йилда уни 117 фоизга, 2030 йилга бориб эса 95 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Шунингдек, сув таъминоти, суғориладиган майдонларни сув билан таъминлаш, каналларни бетонлаштириш ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш каби йўналишлар бўйича кўрсаткичлар таҳлил қилинмоқда. Вазир сифатида айтишим мумкинки, сув тежаш, сув таъминоти ва ирригация соҳасидаги бир қатор кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон халқаро экспертлар баҳолашида дунёда биринчи ўринни эгаллаган.
Жаҳон банки вакили Сарож Кумар Жҳа келтирган маълумотларга кўра, дунё бўйича ичимлик суви ва суғориш тизимларига бюджетдан ажратиладиган маблағлар ўртача 0,4 фоизни ташкил этади. Ўзбекистонда эса йил бошида тасдиқланган давлат бюджети харажатларининг 3,2 фоизи ушбу соҳага йўналтирилиши белгиланган. Қўшимча дастурлар ва «Очиқ бюджет» маблағларини ҳам ҳисобга олсак, бу кўрсаткич 4 фоизга яқинлашади.
Бу жаҳон бўйича ўртача кўрсаткичдан тахминан 10 баробар юқори. Давлатимиз томонидан сув таъминоти ва сув хўжалиги соҳасига катта эътибор қаратилаётгани амалга оширилаётган ишлар учун муҳим молиявий асос бўлмоқда.
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тежамкор технологияларни кенг жорий этиш, инфратузилмани модернизация қилиш ва трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш Ўзбекистонда сув хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим шартларидир. Бу йўналишларда амалга оширилаётган ишлар нафақат бугунги эҳтиёжларни қондиришга, балки келгуси авлодлар учун сув захираларини асрашга ҳам хизмат қилади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева суҳбатлашди.