Танловда энг фаол ишбилармон аёл аниқланди
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал демократик партияси томонидан 12 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ишбилармон аёл” танлови бу йил “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида янада кенг қамров касб этди.
Шуни қайд этиш керакки, Наманган вилоятидаги 754 маҳаллада фаолият юритаётган 1 минг 563 нафар тадбиркор аёлнинг иш фаолияти йил давомида ЎзЛиДеП вакиллари томонидан ўрганилди. Август-сентябрь ойларида танловнинг туман ва шаҳар босқичлари ўтказилиб, уларда жами 237 нафар тадбиркор аёл қатнашди. Саралаш натижаларига кўра, ҳар бир туман ва шаҳардан энг муносиб деб топилган 14 нафар иштирокчи ҳудудий босқичга йўлланма олди.

Давлатобод туманидаги маданият марказида бўлиб ўтган тантанали тадбирда ЎзЛиДеП Наманган вилояти кенгаши раиси, депутат Солижон Мўминов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ҳилола Юсупова, Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Динара Якубова, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши бўлим мудири Барно Мирзамова, шунингдек, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, йирик тадбиркорлар ҳамда партия фаоллари иштирок этишди.

Танлов иштирокчилари ўз бизнес лойиҳаси, ишлаб чиқараётган маҳсулотлари ва хизматлари, эришган ютуқларини намойиш этиб, кўргазма ҳамда тақдимотларга ўзгача креатив ёндашди. Ҳар бир иштирокчи ўзининг тадбиркорлик салоҳияти, янгича ғоялари ва келгусидаги режалари билан муносиб рақобатлашди.


ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси бўлим мудири Севара Муслимова бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни фаолияти, бизнес лойиҳаларининг самарадорлиги, янгиликка интилиши, яратаётган иш ўринлари ва жамият ҳаётига қўшаётган ҳиссалари юзасидан баҳолашди.

Танловнинг якуний натижаларга кўра, таълим соҳасида қатор нодавлат таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйган тадбиркор Шаҳноза Ғаниева ғолибликни қўлга киритди. Эътироф этиш жоиз, бу “бизнес леди” давлат хусусий шериклик асосидаги “Kids land”, “Oltin avlod”, “Tojmahal”, “Yosh liderlar” номли мактабгача таълим ташкилотларини юзага келтирган. Шунингдек, у «Happy kids» хусусий болалар боғчаси ва «Наманган евро қурилиш таъмир сервис» оилавий корхонаси қошидаги таълим муассасалари фаолиятини бошқаради. Қолаверса, «Zis school» хусусий мактабининг асосчиси ва раҳбари сифатида самарали иш олиб бормоқда.

Танловда фахрли иккинчи ўринни эгаллаган Ирода Анварбекова икки йилдан буён 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган болаларга мўлжалланган «Меҳрли Нурлар» кундузги парвариш марказига раҳбарлик қилиб келмоқда. Бундан ташқари, у тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Hamroh” — “WEPS” дастури иштирокчиси бўлиб, 5 минг долларлик грантга сазовор бўлган.

Танловда учинчига лойиқ кўрилган Тунжай Назан Эрман қизи “NazanFashion Academy” асосчиси, модельер-дизайнер сифатида кўплаб халқаро мода кўргазмалари ва турли танловларда ғолиб чиққан. Ҳозирга қадар 100 дан зиёд хотин-қизларга ҳунар ўргатиб, уларнинг касбий ривожланиши ва бандлигини таъминлашга катта ҳисса қўшган.

Дарҳақиқат, “Ишбилармон аёл” танлови шунчаки беллашув эмас, балки аёл-қизларнинг тадбиркорлик салоҳиятини намоён этиш, янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, тажриба алмашиш ва муваффақиятли бизнес намуналарини оммалаштиришга хизмат қилаётгани билан ғоят аҳамиятлидир.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири