Тадбиркорлар манфаати – иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим мезони
Мамлакатимизда тадбиркорлик учун эркин ва қулай муҳит яратиш, хусусий секторнинг иқтисодиётдаги ролини кучайтириш, экспорт географиясини кенгайтириш ҳамда миллий маҳсулотларнинг жаҳон бозорларидаги рақобатбардошлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга тадбиркорлик субъектларининг эркин фаолият юритиши, уларнинг молиявий барқарорлиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ишончли ҳимоялаш ҳам давлатимизнинг диққат марказида.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 27 августдаги “Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликларни қисқартиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳам ташқи савдо соҳасида мавжуд муаммоларни ҳал этиш, экспортёр корхоналарнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва улар учун қўшимча имкониятлар яратиш борасидаги муҳим ҳуқуқий ҳужжатлардан бири бўлди.
– Ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи корхоналар товарлар, ишлар ва хизматларни хорижий ҳамкорларга етказиб берганидан кейин шартномада белгиланган муддатларда тўловларнинг келиб тушишини таъминлаши лозим, – дейди Навоий вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мухтор Ўрозалиев. – Бироқ амалиётда хорижий контрагентларнинг шартномавий мажбуриятларни ўз вақтида бажармаслиги, халқаро банк ўтказмаларидаги чекловлар, айрим давлатлардаги санкциялар ва тўлов тизимларидаги муаммолар сабабли экспорт тушумларининг кечикиши ҳолатлари учраб турибди. Натижада товар ёки хизматни амалда экспорт қилган, ўз зиммасидаги шартномавий мажбуриятларни бажарган корхоналар ҳам муддати ўтган дебитор қарздорликка дуч келмоқда. Бу эса уларнинг молиявий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиш билан бирга, маблағларни репатриация қилиш талаблари бажарилмаганлиги учун жарималар қўлланилишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Фармонга кўра, тадбиркорлик субъектларининг ташқи омиллар таъсирида юзага келган муаммоларини бартараф этиш, мавжуд қарздорликларни қонуний тартибда сўндириш ва ортиқча молиявий юкни камайтиришга қаратилган механизмлар белгиланган.
Жумладан, 2027 йил 1 январга қадар ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликларни ўз маблағлари ҳисобидан сўндиришга рухсат бериш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинди. Мазкур акция товарлар, ишлар ёки хизматлар амалда экспорт қилинган, бироқ хорижий контрагент томонидан тўлов белгиланган муддатда амалга оширилмаган ва “E-kontrakt” ташқи савдо ахборот тизимида муддати ўтган дебитор қарздорлик сифатида қайд этилган ҳолатларга татбиқ этилади.
Ушбу тартибнинг эътиборга молик жиҳати шундаки, тадбиркорлик субъектлари мазкур қарздорликни ўз маблағлари ҳисобидан сўндириш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, акция доирасида нақд шаклдаги валюта маблағларини хизмат кўрсатувчи тижорат банклари кассалари орқали тадбиркорлик субъектининг ҳисобварағига киритишга рухсат берилади. Бунда йўловчи божхона декларацияси ва ишончнома талаб этилмайди.
Маблағлар ҳисобвараққа кирим қилиниши билан “E-kontrakt” тизимидаги муддати ўтган дебитор қарздорлик суммаси кирим қилинган маблағларга мутаносиб равишда автоматик равишда камайтирилади. Энг муҳими, репатриация таъминланмаганлиги учун ҳисобланган, аммо ундирилмаган жариманинг тегишли қисми ҳам кирим қилинган маблағларга мутаносиб равишда бекор қилинади. Кирим қилинган маблағлар экспорт тушуми сифатида эътироф этилмайди ва улар ҚҚС бўйича ноль даражали ставкани қўллаш учун асос бўлмайди. Шунингдек, акция устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати 2027 йил 1 январдан бошлаб амал қиладиган янги ҳуқуқий механизм билан боғлиқ. Унга кўра, ташқи савдо операциялари бўйича активларнинг репатриация қилинишини таъминлай олмаган тадбиркорлик субъектларига нисбатан суд томонидан қўлланиладиган жарима миқдорини икки баравар камайтириш имконияти белгиланган.
Бунда тадбиркорлик субъекти хорижий ҳамкордан маблағларни ундириш ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида суд, арбитраж ёки бошқа мажбурий ундириш механизмларидан фойдаланиб, ўзига боғлиқ бўлган барча чораларни виждонан кўрган бўлса, ташқи савдо операциялари бўйича активларнинг 50 фоиздан ортиғи репатриация қилинган бўлса ёки халқаро санкциялар, банк ва тўлов тизимларидаги чекловлар сабабли маблағларни қайтариш имконияти чекланганлиги асосланса, суд томонидан жарима миқдори икки бараварга камайтирилади. Мазкур енгиллик ҳам давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Энг муҳими, бу каби ислоҳотлар иқтисодий муносабатларда давлат ва тадбиркор ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хусусий секторнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш ва миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири