Янги лойиҳалар янги иш ўрни демак
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларнинг бош мақсади аҳоли фаровонлигини ошириш, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, янги иш ўринларини яратиш ва тадбиркорликни ривожлантиришдан иборат. Бу борада саноатни модернизация қилиш, инвестицияларни жалб этиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Айниқса, ҳудудларда тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, молиявий кўмак механизмлари, бўш ер майдонларидан самарали фойдаланиш ҳамда янги лойиҳаларни амалга оширишга қаратилаётган эътибор иқтисодий ўсишнинг муҳим омилига айланмоқда. Бу ҳақда Навоий вилояти Қизилтепа тумани ҳокими Бегзод Бобомуродов мухбиримиз билан бўлган суҳбатда қуйидагиларни гапириб берди:

– Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида жорий йилнинг 9 ойида туманимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1 триллион 682 миллиард сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 112,2 фоизга етди. Тармоқлар кесимида таҳлил қилинганда, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 904,5 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, текстиль ва тўқимачилик саноатида 297,2 миллиард сўмлик, бошқа турдаги саноат тармоқларида 290,9 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Шунингдек, металлургия саноатида 92,4 миллиард сўм, тоғ-кон саноатида 61,9 миллиард сўм, резина ва пластмасса буюмлари ишлаб чиқаришда 35,1 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланган.
Бугунги кунда ислоҳотларнинг энг муҳим натижаларидан бири аҳоли, хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлашда намоён бўлмоқда. Бу борада тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришни маҳаллаларга олиб кириш ва касаначилик имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бунга “Акобир Маржона Орзуси” оилавий корхонаси фаолияти яққол мисол бўла олади.
Яқин кунларгача тадбиркор хонадонида қарийб 50 нафар хотин-қиз рўмол тикиш ва гул босиш ишлари билан шуғулланар эди. Тадбиркорнинг уйи олдидаги бўш ер майдони цех қуриш учун аукционга чиқарилиб, зарур молиявий кўмак ажратилиши натижасида янги ишлаб чиқариш цехи барпо этилди. Корхонада 120 нафар хотин-қиз учун доимий иш ўрни яратилди. Шунингдек, 11 та маҳаллада касаначилик тизими йўлга қўйилиб, 900 нафар уйда ўтирган хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.

Албатта, тадбиркорликни ривожлантириш нафақат иқтисодий ўсишга, балки аҳолининг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, оилалар фаровонлигини оширишга ҳам хизмат қилмоқда. Туманда саноат салоҳиятини ошириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва экспортбоп маҳсулотлар турини кўпайтириш мақсадида йирик инвестиция лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилмоқда. Жумладан, “SVS NAVOIY” МЧЖ хорижий корхонаси томонидан умумий қиймати 60 миллион АҚШ долларига тенг бўлган қурилиш қўлқоплари ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг биринчи босқичи учун 30 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилиб, ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилди. Кейинги босқичда яна 30 миллион долларлик инвестиция ҳисобига латекс қопламали қўлқоплар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Ушбу босқич амалга оширилиши натижасида қўшимча 111,6 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, 9,3 миллион долларлик экспортни таъминлаш ҳамда 400 та доимий иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Мазкур лойиҳанинг аҳамияти шундаки, у нафақат саноат ишлаб чиқариш ҳажмини оширади, балки маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва ҳудуднинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.

Яна бир муҳим лойиҳа “YANGI ASR” фермер хўжалиги томонидан амалга оширилди. Аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, сутни чуқур қайта ишлаш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида умумий қиймати 27,8 миллиард сўмлик инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Шундан 9,8 миллиард сўми банк кредити ҳисобидан молиялаштирилди.
Лойиҳа доирасида 130 та янги иш ўрни яратилди ҳамда йиллик 55 минг тонна сутни чуқур қайта ишлаш қувватига эга тизим ташкил этилди. Бугунги кунда корхонада “Sof in” бренди остида замонавий Туркия технологиялари асосида сутни қайта ишлаш йўлга қўйилган бўлиб, кунига 60 тонна сут қайта ишланмоқда. Ишлаб чиқаришда халқаро стандартларга мос сифат ва санитария талабларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Замонавий технологиялар жорий этилиши натижасида сут маҳсулотларининг яроқлилик муддати 7 кундан 21 кунгача узайтирилди. Айни пайтда корхонада 65 дан ортиқ турдаги тайёр маҳсулотлар, жумладан, йогурт, сметана, творог, қаймоқ, қаттиқ ва юмшоқ пишлоқлар, хусусан, “Mozzarella” пишлоқлари ишлаб чиқарилмоқда.

Иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан яна бири маҳаллий корхоналарнинг ташқи бозорлардаги иштирокини кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш ва янги бозорларга чиқиш имкониятларини яратишдан иборат. Белгиланган режаларга мувофиқ, йил якунига қадар туманда экспортчи корхоналар сонини 13 тага етказиш кўзда тутилган. Улар томонидан жами 37,3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган. Шундан 30,6 миллион доллари саноат маҳсулотлари, 6,7 миллион доллари мева-сабзавот маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, 22 турдаги маҳсулот, жумладан, 4 та янги маҳсулот 12 та давлатга экспорт қилиниши белгиланган.
Келгуси 2027 йилда эса экспорт салоҳиятини янада ошириш мақсадида экспортчи корхоналар сонини 16 тага, экспорт ҳажмини 40,5 миллион долларга етказиш режалаштирилган. Унинг 33,5 миллион доллари саноат, 7 миллион доллари мева-сабзавот маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади. Экспорт маҳсулотлари турини 26 тага, экспорт географиясини эса 15 та давлатга етказиш мақсад қилинган. Жумладан, “SVS NAVOIY” МЧЖ ХК томонидан 25 миллион долларлик қурилиш қўлқопларини Россия ва Арманистон бозорларига, “ZARAFSHAN LIME GROUP” МЧЖ томонидан 1 миллион долларлик оҳак маҳсулотларини Испания, Тожикистон ва Афғонистонга, “ZARMETAN UNIVERSAL SAVDO” МЧЖ томонидан 1,5 миллион долларлик буғдой унини Афғонистонга экспорт қилиш режалаштирилган. Шунингдек, “TAVOIS AGROMIR EKSPORT” МЧЖ томонидан 2,5 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотларини Россияга, “ADIZ BOBO” фермер хўжалиги томонидан эса 1 миллион долларлик бодринг маҳсулотларини Россия бозорига етказиб бериш кўзда тутилган.
Экспорт ҳажми ва географиясини кенгайтириш мақсадида янги корхоналарни ҳам ташқи иқтисодий фаолиятга жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2027 йилда яна 2 та янги корхонани экспорт фаолиятига йўналтириш белгиланган. Жумладан, “HEMPFARM JV” МЧЖ ҚК томонидан 3 миллион долларлик каннабис толаси маҳсулотини Хитойга экспорт қилиш, “REGISTON” МЧЖ ХК томонидан эса евро дизель ёқилғисини Афғонистон бозорига етказиб бериш режалаштирилган.
Ушбу режаларнинг амалга оширилиши экспорт маҳсулотлари турини кўпайтириш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ҳудуднинг ташқи иқтисодий фаолиятини ривожлантиришга хизмат қилади.

Хуллас, бугунги кунда туманда саноатни ривожлантириш орқали янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилмоқда, тадбиркорларга ер ва молиявий ресурслар ажратиш орқали уларнинг ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда, аҳоли бандлиги таъминланмоқда, маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт салоҳияти оширилмоқда. Бир сўз билан айтганда, саноати ривожланган, тадбиркори қўллаб-қувватланган, аҳолиси иш билан таъминланган ва маҳсулоти жаҳон бозорига чиқаётган ҳудуднинг иқтисодий келажаги мустаҳкам бўлади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири