Мис симларга жон бағишлаётган нозик қўллар
Бугун бепоён Қизилқум саҳросида ҳаёт қайнамоқда. Бу ерда кечаю кундуз тўхтовсиз ҳаракатда бўлган улкан бурғилаш қурилмалари, оғир тоғ-кон техникалари, мураккаб ишлаб чиқариш мажмуалари минглаб инсонларнинг меҳнати билан ҳамоҳанг ишлайди. Аммо ана шу улкан механизмларнинг бир маромда ҳаракатланишида кўпчилик эътиборидан четда қоладиган, бироқ ниҳоятда муҳим бир меҳнат бор. Бу электр жиҳозларига қайта ҳаёт бағишлайдиган моҳир мутахассислар меҳнати.
Қизиғи шундаки, оғир саноатнинг шиддатли оламида нозик қўллари билан темир ва мис симлар орасида меҳнат қилаётган аёллар ҳам бор. Улардан бири Учқудуқда яшаб, фаолият юритаётган Сайёра Ниёзовадир.
Шимолий кон бошқармаси Электр жиҳозларини таъмирлаш участкасида меҳнат қилаётган Сайёра учун ҳар бир иш куни янги масъулият, янги вазифа ва янги синов демакдир. Зеро, ушбу участкада таъмирланган ҳар бир электр двигатели конлардаги улкан техникаларнинг ишончли ҳаракатланишини таъминлайди. Бу ердаги ҳар бир деталь, ҳар бир сим ва изоляция қатлами ишлаб чиқариш жараёнининг узлуксизлиги учун муҳим аҳамият касб этади.
Сайёра барча аёллар каби гўзалликни қадрлайди. Чиройли кийиниш, ўзига оро беришни хуш кўради. Аммо ишхона остонасидан қадам қўйиши билан махсус коржомасини кийиб, сочларини йиғиб, ишга шайланади. Чунки унинг касби нафақат билим ва маҳорат, балки интизом, эҳтиёткорлик ва жисмоний чидамни ҳам талаб этади.
У иш столи қаршисида мис симлар билан ишлаётганида, гўё моҳир чеварнинг қўл ҳаракатларини эслатади. Фақат чевар ипак иплардан нафис нақшлар яратса, Сайёра ялтироқ мис симлардан электр двигателининг мураккаб ўрамларини ҳосил қилади. Унинг олдида гилам дастгоҳи эмас, балки электр чизмалари, турли ўлчамдаги симлар ва мураккаб механизмлар туради.

Ҳар бир симнинг ўз ўрни, ҳар бир уланишнинг ўз тартиби бор. Биргина эътиборсизлик катта носозликка сабаб бўлиши мумкин. Шу боис Сайёра ҳар бир ишга катта масъулият билан ёндашади.
Энг муҳими, унинг қўллари меҳнати билан ишдан чиққан, совуқ темир уюмига айланиб қолган электр двигателлари яна ишга қайтади. Таъмирдан чиққан бу двигателлар эса ўзидан юз, ҳатто минг баробар катта техникаларни ҳаракатга келтиради. Буни қарангки, нозик қўллар яратган маҳорат оғир саноатнинг улкан кучига айланади.
Бугун участкада Сайёра Ниёзова каби йигирмадан ортиқ хотин-қиз электр жиҳозлари изоляцияси ва ўрамларини таъмирлаш бўйича электромонтёр сифатида фаолият юритмоқда. Уларнинг меҳнатида нафақат касбий маҳорат, балки ишга бўлган меҳр, сабр-тоқат ва масъулият мужассам.
Бу жамоанинг фаолияти фақат электр жиҳозларини таъмирлаш билан чекланиб қолмаяпти. Кейинги йилларда Шимолий кон бошқармасида маҳаллийлаштириш дастури доирасида ҳам салмоқли натижаларга эришилди. Кон саноати электродвигателларини таъмирлаш учун зарур бўлган муҳим эҳтиёт қисмлар ва махсус изоляция материалларини хориждан харид қилиш ўрнига, уларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бу эса нафақат валюта маблағларини тежаш, балки ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, эҳтиёт қисмлар таъминотидаги мустақилликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.
– Албатта, касбимизнинг ўзига яраша машаққатлари кўп. Цехимизда қуввати 0,25 киловаттдан 315 киловаттгача бўлган электр жиҳозлари қисман ва капитал таъмирланади. Иш жараёнида турли қалинликдаги симлар билан ишлашимизга тўғри келади. Ингичка симлар жуда нозик бўлиб, озгина эҳтиётсизликдан узилиши мумкин. Қалин ва қаттиқ симларни эса букиш, керакли шаклга келтириш анча қийин. Баъзида улар билан ишлаш учун оғир болға ҳам қўллашга тўғри келади. Шунинг учун касбимизда сабр, диққат ва тажриба жуда муҳим, – дейди қаҳрамонимиз.
Дарҳақиқат, бу соҳада маҳорат йиллар давомида шаклланади. Айрим электродвигателлар бир кун ичида таъмирланиб, фойдаланишга топширилса, мураккаб ва йирикларини созлаш икки-уч кунгача давом этади. Бироқ ишнинг тез бажарилишидан ҳам муҳимроқ талаб бор: сифат! Сабаби таъмирдан чиққан ҳар бир двигатель кон шароитида камида олти ой давомида узлуксиз ва бенуқсон ишлаши керак.
Унинг фикрича, ҳақиқий мутахассиснинг маҳорати фақат ишни бажаришда эмас, балки хатосини тан олиш, ундан хулоса чиқариш ва келгусида такрорламасликда ҳам намоён бўлади. Бир қарашда оддий туюлган ҳар бир техник операциянинг ўзига хос қоида ва талаблари бор. Сайёра бу борадаги бир воқеани эслайди:

– Бир гал механизмни соат стрелкасига тескари йўналишда ўрнатиб қўйган эканман. Кейин маълум бўлишича, ушбу генераторни фақат соат стрелкаси йўналишида ўрнатиш талаб этиларкан. Устозим менга механизмни тескари йўналишда ўрнатиш усулини ҳам ўргатган эди. Айрим двигателларда бунинг аҳамияти катта бўлмаслиги мумкин, аммо генераторларда айланиш йўналишига қатъий риоя қилиш шарт. Шу воқеадан кейин ҳар бир механизмни ишга топширишдан олдин янада синчиклаб текширишга одатландим. Ҳар икки усулни ҳам пухта ўзлаштирганим бугунги иш фаолиятимда асқатмоқда.
Аслида, касб сирларини ўрганишнинг энг самарали йўли ҳам ана шу тажриба, кузатув ва ўз устида мунтазам ишлашдир. Бугун Сайёра Ниёзова нафақат ўз касбининг моҳир устаси, балки ёш мутахассисларга йўл-йўриқ кўрсатаётган тажрибали устоз ҳамдир. У шогирдларига электр чизмаларини ўқиш, симларни тўғри жойлаштириш, изоляция ишларини сифатли бажариш сирларини ўргатади. Энг муҳими, уларга ҳар бир ишга масъулият билан ёндашишни, касбни севишни ва ўз меҳнати натижаси учун жавобгар бўлишни уқтиради.
Иш куни якунланиб, цехдаги шовқин-сурон ортда қолгач, Сайёра яна ўзининг меҳрибон она, суюкли бека ва латофатли аёл қиёфасига қайтади. Аммо унинг ҳаётидаги меҳр ва фидойилик ишхона билан уй ўртасида чегара билмайди. У қаерда бўлмасин, зиммасидаги вазифани сидқидилдан бажаришга интилади.
Бугун Қизилқум саҳросидаги улкан саноат корхоналарида минглаб техникалар тинимсиз ҳаракатда. Улкан саноатнинг юраги фақат темир ва электр қуввати билан эмас, унинг ортида турган инсонларнинг меҳри, билими ва фидойилиги билан ҳам уради.
А.Бўриев, ЎзА мухбири