"Супер" Эль‑Ниньо: қурғоқчилик, жазирама ва сув тошқинлари(+видео)
2026–2027 йилларда сайёрамизда янги ҳарорат рекордлари кутилмоқда. Бунга Тинч океанининг даврий исиши натижасида юзага келадиган Эль-Ниньонинг кучайиши сабабчидир. Унинг ўта кучли фазаси ("супер" Эль-Ниньо) қурғоқчилик, жазирама ва сув тошқинларини янада кескинлаштиради.
Энг кучли зарба Жанубий ва Марказий Америка, Жануби-Шарқий Осиё ҳамда Австралияга тўғри келади. Марказий Осиёда бунинг таъсири у қадар яққол сезилмайди, бироқ иқлим аномалиялари бизнинг минтақамизни ҳам четлаб ўтмайди.
"Ўзгидромет" маълумотларига кўра, кучли Эль-Ниньо даврида:
- баҳорда меъёрдан ортиқ ёғингарчилик кузатилади, бу эса сел келиш хавфини жиддий равишда оширади;
- Ўзбекистонда ёзги жазирама кўпинча +40…+42° дан юқори бўлади, шимоли-ғарбий, чўл ва жанубий ҳудудларда эса ҳарорат +43…+48° гача кўтарилади;
- қишда ҳарорат иқлим меъёридан юқори бўлиши мумкин. Барқарор совуқлар ўрнига узоқ давом этадиган нам, булутли об-ҳаво ва кундузи мусбат ҳарорат кузатилади.
Маълумотларга кўра, тарихдаги энг кучли Эль-Ниньо ҳодисаси 1877–1878 йилларда кузатилган бўлиб, у Ҳиндистон, Хитой, Бразилия ва бошқа мамлакатларда 50 миллиондан ортиқ кишининг умрига зомин бўлган глобал очликка замин яратган. Бу ўша пайтдаги сайёра аҳолисининг тахминан 3-4 фоизини ташкил этган. Агар бундай фалокат бугунги кунда содир бўлса, бу камида 250 миллион кишининг ҳаётига тенг келади.
<iframe width="815" height="458" src="https://www.youtube.com/embed/5lKqLZyGRRQ" title=""Super" El‑Nino: qurg`oqchilik, jazirama va suv toshqinlari " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Искандар Исматов (видео), ЎзА