Космик таълим ривожланади (+видео)
Нукусда “Ўзбеккосмос” агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда “Келажак” марказлари ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикаси ўқитувчилари учун махсус “Space Camp Uzbekistan” таълим дастурини амалга оширмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида 100 нафардан зиёд педагог космик технологиялар, STEM таълими ва ёшлар билан инновацион ишлаш йўналишлари бўйича амалий тайёргарликдан ўтиши белгиланган.
Дастурнинг асосий мақсади – ўқитувчиларни мактаблар, оромгоҳлар ва таълим марказларида “Space Camp” дастурларини мустақил ташкил этиш ва ўтказишга тайёрлаш ҳамда ёшларда космос, муҳандислик, илм-фан ва инновацияларга бўлган қизиқишини оширишдир. Лойиҳа стратегик ёндашув асосида ташкил этилган бўлиб, унда бир нафар тайёрланган ўқитувчи юзлаб ўқувчиларга таъсир кўрсатиши мумкин, деган тамойил илгари сурилган. 100 дан ортиқ педагогни тайёрлаш орқали келгусида 10 мингдан зиёд ўқувчини космик технологиялар ва STEM йўналишларига жалб қилиш режалаштирилган.
3 кун давом этадиган интенсив тренинг дастури доирасида иштирокчилар 1 кунлик, 3 кунлик, 5 кунлик ва 7 кунлик “Space Camp” дастурларини ташкил этиш методикаларини ўрганади. Тренинг назарий ва амалий машғулотларни ўз ичига олиб, болалар ва ёшлар билан реал ишлашга йўналтирилган.
Дастур гидравлик ракеталарни йиғиш ва учириш, механика ва аэродинамика асослари, Space Art ва креатив фикрлашни ривожлантириш, “Космонавт синовлари” ва муҳандислик мусобақалари 1 CubeSat макетларини йиғиш, STEM ўйинлари ва жамоавий симуляциялар, астробиология асослари, Марс базасини лойиҳалаш, болалар билан илмий-амалий машғулотларни ташкил этиш методикалари йўналишларини қамраб олган.
Тренинг якунида иштирокчиларга 4 турдаги “Space Camp” дастурлари учун тайёр сценарийлар, методик қўлланмалар, жиҳозлар ва материаллар рўйхати, сертификатлар тақдим этилади.
[gallery-29569]
Мазкур ташаббус Ўзбекистонда космик таълим ва STEM экотизимини ривожлантириш, шунингдек, келажакдаги ёш муҳандислар, тадқиқотчилар ва космик соҳа мутахассисларини тайёрлаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Лойиҳа орқали космосни ёшлар учун янада яқин ва тушунарли қилиш, уларнинг илм-фан ва технологияларга бўлган қизиқишини ошириш ҳамда юқори технологик йўналишларда янги авлод кадрларини шакллантириш мақсад қилинган.
<iframe width="815" height="458" src="https://www.youtube.com/embed/Y8PKWrvlVW0" title="Kosmik ta’lim rivojlanadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат, видео), ЎзА