Қизилтоғ шаҳарчасидаги масжид янги бинога кўчди
Юртимизда диний эркинлик, бағрикенглик, виждон эркинлиги қонун ва қарорлар билан мустҳкам асослаб қўйилган. Ҳурматли Президентимизнинг қатор фармон ва қарорлари билан юртимизда ислом дини ва илм-фан равнақи йўлида хизмат қилган улуғ аждодларимизга муносиб эҳтиром кўрсатилмоқда.
Муқаддас қадамжолар обод, кўркам ва файзли масканларга айланмоқда. Бундан юртимизга ташриф буюрувчи меҳмонлар ҳам, халқимиз ҳам бирдек хурсанд. Айниқса, яқин кунларда юртимиз пой тахти Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси марказининг очилиши, Самарқандда улуғ ҳадисшунос аллома Имом Бухорий мажмуасининг очилгани бутун дунё мусулмонларини қувонтирди.
Шу кунларда, муборак қурбон ҳайити арафасида Президент ҳожилари Маккаи мукаррамада ҳаж зиёратларини амалга ошириб, элу юртимизни дуо қилиб туришибди.
Мана шундай савобли ва хайрли ишлар сафига Тошкент вилояти Паркент тумани Қизилтоғ шаҳарчасидаги Саид ота масжидининг янги бинога кўчганлигини ҳам киритиш мумкин.
Қизилтоғ (Красногорск) деб аталган ҳудуд олдин Ангрен шаҳрига қарашли эди. Яқин йилларда Паркент туманига қўшилди. Шундан кейин бу ерда ободонлаштириш, таъмирлаш, йўл қурилиш ишлари жонланди. Шу қатори ўтган асрда қурилиб фаолият олиб бораётган масжид биносини янгилаш масаласи ҳам аҳоли томонидан кун тартибига чиқди. Аҳоли ташаббуси, ҳомийлар ва хайрихоҳлар, ҳашарчилар, мутасадди ва масъулларнинг қўллови билан янги замонавий бино қад ростлади.
Аниқ эсимда, 2012 йиллар эди, бир куни масжидда йиғилиш бўлиши айтилди, камина ҳам бордим, Ангрен шаҳар бош имом хатиби йиғилиш қилиб, масжиднинг янги имоми билан таништирди. Шундан сўнг “Ораларингизда олий маълумотли, хат-саводга тушунарли ёшлар борми?” – деди. Мажлис қатнашчилари аксари ёши улуғ кишилар эди. Камина, “Мен борман, филолог-журналистман” дегач, мени масжиднинг ишларига қарашасиз, саноқ-тафтиш комиссиясида ишлайсиз, ёрдам бериб турасиз, деб сайлаб, масжид жамоаси қўл кўтариб, овоз бериб маъқуллаган эди. Шундан кейин қўлдан келганча масжиднинг ёзув-чизув ишларига ёрдам бериб келдим.
Очиғини айтиш керак, масжид эски, имкониятлари анча чекланган эди. Ҳозиргиси мутлақо ўзгарган, кўзингиз қувонади. Энди, янги масканда мўмин-мусулмонлар эмин-эркин, ҳузур билан намоз ўқиш имконига эгалар.
Ён-атрофдаги тўртта маҳалланинг одамлари ҳам шу масжидга келади. Янги таҳоратхона, кутубхона, шунингдек биринчи қаватда аёллар намозхонасининг мавжудлиги, айниқса, аҳолини жуда хурсанд қилмоқда.
Масжиднинг янги биносига кўчганлиги пайшанба куни 21 май 2026 йил пешин намозида эълон қилинди. Шу куни хайрия ва ҳашарчиларга эҳсон дастурхони ёзилди. Жума намози ўқилди.
Насиб бўлса, Қурбон ҳайити намози янги бинода ўқилади. Саид ота масжиди Қизилтоғ жамолига кўрк бағишлаб, истиқлол меваси сифатида чирой очиб турибди.
Юртимизнинг турли жойларидан келган меҳмонлар, сайёҳлар масжидни томоша қилиб, дуолар қилиб кетмоқда. Муборак қурбон ҳайити арафасида мўминлар кўзини қувонтирган бу бино ҳам ҳали юз йиллар давомида келгуси наслларга хизмат қилгусидир.
Ўлмас Хўжа,
Ўзбекистон Ёзувчилар ва
Журналистлар уюшмаси аъзоси.