Меҳр ва саховат уйларга файз олиб кирмоқда
Қашқадарё вилоятида “Обод уй – фаровон ҳаёт!” шиори остида хайрия ва мурувват тадбири ташкил этилди. Тадбир Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Республика бошқаруви ҳамда унинг Қашқадарё вилояти бўлими, шунингдек, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Қашқадарё вилояти бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилди.
Мазкур тадбир аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, хонадонларда ободонлаштириш ишларини амалга ошириш ҳамда фуқаролар турмуш фаровонлигини юксалтириш мақсадида ташкил этилди.


Тадбирда Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Республика раиси ўринбосари С.Жабборов, фонднинг вилоят бўлими раиси Н.Маҳматов ҳамда маҳалла раислари иштирок этди.

Тадбир доирасида эҳтиёжманд оилаларга амалий ёрдам кўрсатилиб, уй-жойларни таъмирлаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган хайрли ишлар амалга оширилди.

Бугун мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва эҳтиёжманд оилаларга манзилли ёрдам кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу каби эзгу ташаббуслар нафақат муайян оилалар ҳаётида ижобий ўзгариш ясайди, балки жамиятда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва ўзаро кўмак муҳитини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.


Ташкилотчилар таъкидлаганидек, бундай хайрли тадбирлар аҳоли фаровонлигини ошириш, маҳаллаларда ижтимоий бирдамликни кучайтириш ҳамда инсон қадри улуғланаётган Янги Ўзбекистонда меҳр-саховат тамойилларини кенг қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири