“Солиқ ҳамкор” орқали 44 мингга яқин қонунбузарлик фош этилди
Мамлакатимизда солиқ тизимини рақамлаштириш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида амалга оширилаётган чоралар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, “Солиқ” мобиль иловасидаги “Солиқ ҳамкор” тизими орқали фуқаролар томонидан юборилаётган мурожаатлар сони тобора ортиб бормоқда.
Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-апрель ойларида солиқ ҳуқуқбузарликлари юзасидан жами 43 799 та мурожаат келиб тушган.
Мурожаатларнинг асосий қисми харид чеки бермаслик ҳолатларига тўғри келган бўлиб, бундай мурожаатлар сони 35 839 тани ташкил этган. Шунингдек, 1 494 та ҳолатда тадбиркорлар тўловни пластик карта орқали қабул қилишдан бош тортган. 90 та ҳолатда пластик карта орқали тўлов қилинганда маҳсулот ёки хизмат нархи сунъий равишда оширилган.
6 376 та мурожаат эса бошқа турдаги солиқ ҳуқуқбузарликлари билан боғлиқ бўлган.

Маълум қилинишича, келиб тушган мурожаатларнинг 12 021 таси такрорий бўлгани ёки айни пайтда ушбу тадбиркорлик субъектларида текширув жараёни давом этаётгани сабабли кўриб чиқилмаган.
Фуқаролар мурожаатлари асосида 27 681 та сайёр солиқ текшируви ўтказилган. Эътиборлиси, текширувларнинг 99,4 фоизида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ўз тасдиғини топган.
Шу билан бирга, қонунбузарликлар ҳақида хабар берган фуқароларни рағбатлантириш механизми ҳам самарали ишламоқда. Хусусан, 18 524 та ҳолат бўйича ундирилган жарима маблағининг 20 фоизи ҳисобидан фуқароларга қарийб 12 миллиард сўм мукофот пули тўлаб берилган.
Бундай рақамли назорат механизмлари солиқ интизомини мустаҳкамлаш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, жамоатчилик иштирокининг ортиши тадбиркорлик субъектларининг масъулиятини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА