Стол теннисчиларимиз Тожикистон турнирида совринли ўринларни эгаллади
Тожикистоннинг Данғара шаҳрида стол тенниси бўйича ўтказилган “Президент кубоги” халқаро турнирида мамлакатимизнинг кичик ракетка усталари муносиб иштирок этди. Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Тожикистон стол теннисчилари билан муросасиз баҳсларга киришиб, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди.
Аёллар жамоалари ўртасидаги шиддатли ўйинлар сарҳисобига кўра, юртимиз стол теннисчи қизлари кумуш медалга эга чиқиш асносида 2 минг 500 АҚШ доллари билан, эркаклар жамоаси эса бронза медалини қўлга киритиб, 2 минг АҚШ доллари билан тақдирланди.

Айтиш лозим, юртимиз стол теннисчиларидан Муса Толиев Тожикистон мусобақаларида ўзининг юқори спорт формасида эканини намойиш этди. У иккита муҳим баҳсда рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Аввалига тожикистонлик Суҳроб Махсумовни 3:0 (11:2, 11:2, 11:3) ҳисобида енгган бўлса, иккинчи баҳсда яна бир тожик спортчиси Гулҳасан Мирҳасанни 3:0 (11:3, 11:4, 11:3) кўринишида доғда қолдирди.

Шунингдек, терма жамоамиз аъзоларидан Сарвар Ғуломов, Мафтуна Галимова, Шоира Қодирова, Интизор Зокирова турнир давомидаги барча баҳсларда шиддатли ўйин кўрсатиб, мухлислар олқишига сазовор бўлди.
Т.Рўзиев,
ЎзА