"Жаҳон чемпионати — 2026": “F” гуруҳида Япония Нидерландияга муносиб қаршилик кўрсата оладими?
Куни кеча футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этадиган футболчилар рўйхатини эълон қилди. Шу таркиб билан делегация 26 май куни эрта тонгда АҚШга йўл олади.
Фабио Каннаваро бошчилигидаги жамоа мундиалга тайёргарликнинг сўнгги босқичини 27–29 май кунлари Нью-Йорк шаҳрида ўтказади. Шундан сўнг 30 майда Эдмонтон шаҳрига йўл олиб, 1 июнь санасида Канада терма жамоасига қарши назорат учрашувида майдонга тушади.
Ушбу ўйиндан кейин терма жамоа яна Нью-Йоркка қайтиб, қисқа ҳордиқдан сўнг 8 июнь куни Нидерландия термасига қарши иккинчи ўртоқлик учрашувини ўтказади.

Дунёнинг етакчи жамоаларига қарши ўтказиладиган мазкур баҳслар миллий терма жамоамизнинг тактик ва жисмоний ҳолатини баҳолаш, шунингдек, мураббийлар штаби учун таркиб ва ўйин услубини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Анъанага мувофиқ, бугун Жаҳон чемпионатининг "F" гуруҳи ҳақида тўхталамиз. Яъни, термамизнинг сўнгги назорат учрашувидаги рақиби - Нидерландия терма жамоасининг саралаш босқичидаги иштироки ҳамда Япония, Тунис ва Швеция термаларининг мундиалгача босиб ўтган йўлига назар ташлаймиз.

Европа қитъасидаги саралашда Нидерландия терма жамоаси “G” гуруҳида 8 учрашувнинг 6 тасида ғалаба қозониб, 2 марта дуранг ўйнади ва 20 очко билан Жаҳон чемпионати йўлланмасини муддатидан олдин қўлга киритди. Таъкидлаш жоиз, Нидерландия терма жамоаси ўз тарихида 12-маротаба мундиалда иштирок этади. Жамоа аввалги иштирокларида 1974, 1978 ва 2010 йилларда кумуш, 2014 йилда эса бронза медалларини қўлга киритган.
“F” гуруҳида Европанинг иккинчи вакили - Швеция терма жамоаси ҳисобланади. Шведлар саралашнинг “B” гуруҳида 2 очко билан қолиб кетган бўлса-да, УЕФА Миллатлар лигаси 2024/2025 йилги мавсуми рейтинги орқали плей-оффга йўл олиб, имкониятни сақлаб қолди. Плей-оффда улар аввал Украина термасини 3:1, сўнг Польша терма жамоасини 3:2 ҳисобида мағлуб этиб, мундиал йўлланмасини қўлга киритди.

Швеция терма жамоаси шу кунга қадар 12 марта мундиалда иштирок этган. Жамоа 1950 ва 1954 йилги биринчиликда бронза, 1958 йилда эса кумуш медаль соҳиби бўлган.
Мундиалнинг “F” гуруҳидаги яна бир жамоа — Япония термаси Осиё минтақасидаги саралаш баҳсларини иккинчи босқичдан бошлади. Японлар “B” гуруҳида 18 очко тўплаб, кейинги раундга йўл олди. Учинчи босқичнинг “C” гуруҳида эса 23 очко билан биринчи ўринни эгаллаб, ўз тарихида саккизинчи бор мундиалда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Аслида, бу Япония учун ўн биринчи иштирок бўлиши мумкин эди. Бироқ жамоа 1930–1938 йиллардаги чемпионатларда қатнашишдан бош тортган, 1950 йилги мусобақадан эса ФИФА қарори билан четлатилган.
Африка қитъасида Тунис терма жамоаси “H” гуруҳида 10 турда 9 ғалаба ва 1 дуранг билан 28 очко тўплаб, мундиал йўлланмасини қўлга киритди. Бу жамоа учун Жаҳон чемпионатидаги еттинчи иштирок ҳисобланади.
Мутахассислар фикрича, “F” гуруҳида фаворит қисман Нидерландия. Нидерландия ва Туниснинг имкониятлари нисбатан юқори баҳоланса-да, Япония ва Швеция ҳам кутилмаган натижалар қайд этиши мумкин. Гуруҳ тақдири 14–25 июнь кунлари ҳал бўлади.
“F” гуруҳи ўйинлари тақвими:
14 июнь:
Нидерландия — Япония (AT&T Stadium, Арлингтон)
Швеция — Тунис (Estadio BBVA, Гуадалупе)
20 июнь:
Нидерландия — Швеция (NRG Stadium, Хьюстон)
Тунис — Япония (Estadio BBVA, Гуадалупе)
25 июнь:
Япония — Швеция (AT&T Stadium, Арлингтон)
Тунис — Нидерландия (Arrowhead Stadium, Канзас-Сити)
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА