Савдо-иқтисодий мулоқот янги инвестицияларга йўл очади
Хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик учун қулай муҳит яратиш ва халқаро иқтисодий алоқаларни кенгайтириш мамлакатимиздаги иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Хусусан, эркин иқтисодий зоналар ва технопарклар фаолияти ҳамда инвесторларга берилаётган имтиёзлар хорижий ҳамкорлар билан янги лойиҳаларни йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Хайнань эркин савдо порти – Тошкент савдо-иқтисодий алмашинув учрашуви” мавзусидаги қўшма бизнес-форум ҳам мазкур ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Хитой Халқаро савдога кўмаклашиш кенгашининг Хайнань провинцияси қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда икки мамлакатнинг вазирлик ва идоралари вакиллари, тадбиркорлар, инвесторлар ҳамда ҳуқуқшунослар иштирок этди.
Савдо-саноат палатаси маълумотига кўра, форумда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг бугунги ҳолати, мавжуд имкониятлар ва истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
Хитой делегацияси аъзоларига мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, эркин иқтисодий зоналар ва технопарклар фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, меҳмонлар Тошкент халқаро молия маркази ҳамда IT Park резидентлари учун тақдим этилаётган имтиёз ва шароитлар билан таништирилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Хайнань провинцияси Хитойнинг ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда алоҳида ўрин тутадиган ҳудудларидан бири ҳисобланади.
Учрашув давомида Хитой томони қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, машинасозлик, муқобил энергетика ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирди. Хусусан, “Hainan NicePow Industry”, “Dehang” ва “Huali” компаниялари ўзларининг инвестициявий ҳамда бизнес таклифларини тақдим этди.
Музокараларда аграр соҳадаги ҳамкорлик, саноат кооперациясини ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш, халқаро савдо алоқаларини кенгайтириш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Форум якунида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Хитой Халқаро савдога кўмаклашиш кенгашининг Хайнань провинцияси қўмитаси ҳамда Хитой Халқаро савдо палатасининг Хайнань бўлинмаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Умуман олганда, Хайнань провинцияси билан йўлга қўйилаётган мулоқот Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги иқтисодий шерикликни ҳудудлараро ҳамкорлик ҳисобига янада бойитиш имконини беради.
М.ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА