Маҳаллий ишлаб чиқариш – иқтисодий юксалиш кафолати
Мамлакат иқтисодиётининг қудрати, аввало, унинг ишлаб чиқариш салоҳияти, миллий маҳсулотларининг рақобатбардошлиги ва тадбиркорларнинг ташаббускорлиги билан белгиланади. Шу маънода, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш нафақат иқтисодий ўсиш, балки янги иш ўринлари яратиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва мамлакатнинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 9 ноябрь куни электротехника саноати вакиллари, маҳаллий тадбиркорлар ҳамда хорижий инвесторлар билан ўтказган мулоқотини ана шу нуқтаи назардан катта қизиқиш билан кузатдим. Учрашувда билдирилган фикрлар ва белгиланган вазифалар менда ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркор, халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати сифатида ҳам муайян хулосаларни шакллантирди.
Айниқса, электротехника саноатида сўнгги ўн йилда эришилган натижалар эътиборга молик. Соҳага 2 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 413 та янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилган. Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилдаги 1,7 триллион сўмдан, жорий йилда 50 триллион сўмга етган. Экспорт ҳажмининг 14 баробар ўсиб, 1 миллиард 600 миллион долларни ташкил этгани ҳам ислоҳотлар самарасини кўрсатади.

Бу рақамларни шунчаки статистик кўрсаткич сифатида қабул қилмаслик керак. Уларнинг ортида ишга туширилган корхоналар, яратилган иш ўринлари, замонавий технологиялар, тадбиркорларнинг изланишлари ва юртимиз иқтисодий салоҳиятининг ортиши турибди.
Бироқ эришилган натижалар билан чекланиб қолиш мумкин эмас. Бугунги рақобат муҳити биздан ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билангина кифояланмасдан, юқори қўшилган қийматга эга, замонавий, энергия тежамкор ва халқаро бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар яратишни талаб этмоқда.
Мен буни тадбиркорлик фаолиятимда ҳам яққол ҳис қиламан. Оҳангарон туманида фаолият юритаётган “Premier” корхонамизда маҳаллий брендни ривожлантириш, маҳсулот сифатини ошириш ва истеъмолчилар ишончини қозониш йўлидаги изланишларимиз шуни кўрсатадики, ишлаб чиқаришда барқарор натижага эришиш учун доимий янгиланиш зарур. Замонавий технологияларни жорий этиш, сифатни таъминлаш ва бозор талабларини чуқур ўрганиш ҳар бир ишлаб чиқарувчининг кундалик вазифасига айланиши керак.

Шу боис маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати биз учун муҳим таянчдир. Айниқса, учрашувда давлат харидлари тизимини такомиллаштириш, уч йиллик харид режаларини олдиндан эълон қилиш ва маҳсулотларни танлашда уларнинг фақат харид нархини эмас, балки бутун хизмат давридаги иқтисодий самарадорлигини ҳисобга олиш таклиф этилгани эътиборга лойиқ.
“Life cost” ёндашуви, назаримда, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги имкониятлар очади. Чунки маҳсулотнинг ҳақиқий қиймати фақат унинг сотиб олиш нархи билан белгиланмайди. Сифати, энергия сарфи, хизмат муддати, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш харажатлари ҳам муҳим мезон ҳисобланади. Бундай ёндашув сифатли ва самарали маҳсулот ишлаб чиқараётган корхоналарнинг бозордаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Депутат сифатида мени учрашувда ҳудудлар саноатини ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш йўналишларини ташкил этиш ва мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш масалалари ҳам алоҳида қизиқтирди.

Тошкент вилояти саноат инфратузилмаси, тадбиркорлик тажрибаси ва меҳнат ресурслари жиҳатидан катта имкониятларга эга. Бу салоҳиятни замонавий технологиялар билан уйғунлаштириш, инвестиция лойиҳаларини кўпайтириш ва маҳаллий корхоналар ўртасида саноат кооперациясини кучайтириш орқали янада юқори натижаларга эришиш мумкин. Хусусан, Нурафшон шаҳрида “Келажак технологиялари маркази”ни ташкил этиш, ҳудудларда илмий тадқиқот ва ишланмалар марказларини йўлга қўйиш, саноат корхоналари билан илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича белгиланган вазифалар вилоятимиз учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Оҳангарон тумани мисолида оладиган бўлсак, бу ердаги саноат корхоналарининг мавжуд имкониятларидан янада самарали фойдаланиш, ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва маҳсулотлар турини кўпайтириш ҳудуд иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Бу борада маҳаллий Кенгаш депутатларининг ҳам ўз ўрни бор. Тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганиш, уларнинг таклифларини тегишли ташкилотларга етказиш, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётган масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этиш – депутатлик фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири. Зеро, ҳудуд тараққиёти фақат қабул қилинган қарорларга эмас, балки уларнинг ҳаётда қандай натижа бераётганига ҳам боғлиқ.

Мулоқотда муҳандислик салоҳиятини ошириш, замонавий мутахассислар тайёрлаш ва илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас.
Президентимиз томонидан келгуси йилдан “1 минг муҳандис-конструктор” дастури бошланиши, ёш мутахассисларни Корея, Япония, Хитой, Туркия ва Европа мамлакатларида малака оширишга юбориш режалаштирилаётгани саноатимизнинг келажаги учун муҳим қадамдир.
Менимча, бугун ишлаб чиқариш корхоналари олдида турган энг муҳим вазифалардан бири ҳам малакали кадрлар масаласидир. Чунки замонавий технологияларни харид қилишнинг ўзи кифоя эмас. Уларни самарали бошқарадиган, янги маҳсулотлар яратадиган, ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштирадиган муҳандис ва мутахассислар керак.
Шу сабабли таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, дуал таълимни кенгайтириш, ёшларни муҳандислик ва техник йўналишларга қизиқтириш, корхоналарнинг мутахассис тайёрлаш жараёнидаги иштирокини оширишга жиддий эътибор қаратиш лозим.
Учрашувда кейинги уч йилда электротехника ва унга боғлиқ янги саноат йўналишларида умумий қиймати 11,6 миллиард долларлик 164 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилгани маълум қилинди. Кабель саноати, трансформаторлар, насослар, саноат робототехникаси, ускунасозлик, микроэлектроника ва маиший техника ишлаб чиқариш бўйича белгиланган режалар мамлакатимиз саноати учун янги имкониятлар яратади.
Энг муҳими, бу режаларнинг ҳар бири муайян ҳудудларда янги ишлаб чиқариш қувватлари, иш ўринлари, замонавий технологиялар ва маҳаллий корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни англатади. Шунинг учун уларнинг амалий ижросини таъминлашда барча манфаатдор томонлар бирдек масъулиятни ҳис этиши зарур. Менинг назаримда, бугун маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришга фақат иқтисодий масала сифатида қараш тўғри эмас. Бу мамлакатнинг технологик мустақиллиги, миллий брендлар нуфузи, ёшлар бандлиги ва аҳоли фаровонлиги билан бевосита боғлиқ жараёндир.

Тадбиркорлар учун яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш, янги ғоя ва ташаббусларни илгари суриш, сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш – ҳар биримиздан фаоллик талаб этади. Давлат томонидан белгиланаётган вазифаларнинг ҳақиқий натижаси эса уларнинг корхоналар фаолиятида, ҳудудлар иқтисодий ҳаётида ва одамлар турмушида қандай ўзгаришлар ясаши билан ўлчанади.
Шу маънода, Президентимиз билан ўтказилган мулоқотни саноат тараққиётидаги янги имкониятлар билан бирга, тадбиркорлар ва депутатлар зиммасига юкланган масъулиятнинг ҳам ифодаси деб биламан.
С. Саинуриддинов,
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати,
“Premier” корхонаси таъсисчиси.
ЎзА