Икки туп дарахт учун 27 миллион сўм
Самарқанд вилоятининг Пахтачи тумани экология ва иқлим ўзгариши бўлими давлат инспекторлари томонидан ўтказилган назорат тадбирларида табиатга зарар етказиш билан боғлиқ бир қатор ҳолатлар аниқланди.
Жумладан, туманнинг Сулувқўрғон маҳалласида яшовчи фуқаро А.Э. маҳалла ҳудудидаги ер майдонида ўсиб турган икки туп Элдор қарағайи дарахтини белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилмаган ҳолда кесиб олгани аниқланди.
Ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, 11 миллион сўм миқдорида жарима ҳамда ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдори 15 миллион 840 минг сўм этиб ҳисобланди.

Шунингдек, инспекторлар томонидан Қорадарё дарёси муҳофаза ҳудудида ўтказилган назорат тадбирида Пастдарғом туманида яшовчи уч нафар фуқаро ўзларига тегишли техника воситаларида ноқонуний равишда қум-шағал аралашмасини ташиб кетаётганлиги аниқланди.
Давлат инспекторларининг қонуний талабларига бўйсунмай қочишга уринган ушбу ҳайдовчилар тегишли тартибда тўхтатилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасига биноан баённомалар расмийлаштирилди ва уларнинг ҳар бирига 6 миллион 600 минг сўмдан жарималар қўлланилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири