Тадбиркорлар мурожаатларига амалий ечим
Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошлиғи И. Азамхўжаев иштирокида тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда фаолиятида юзага келаётган масалаларга ечим топиш мақсадида сайёр қабул ўтказилди.
Қайд этиш жоизки, 2026 йилнинг 9 ойи давомида Тошкент вилояти божхона бошқармасига жисмоний ва юридик шахслардан 198 та мурожаат келиб тушган. Шундан 153 таси бўйича қонунчилик доирасида батафсил тушунтиришлар берилган, 45 та мурожаат эса қаноатлантирилган. Мурожаатларнинг асосий қисмини божхона назорати ва расмийлаштируви, шунингдек, божхона тўловларидан озод қилиш ва имтиёзлар бериш билан боғлиқ масалалар ташкил этган.

Навбатдаги сайёр қабулда ҳам 30 нафарга яқин жисмоний ва юридик шахс вакиллари иштирок этиб, тадбиркорлик фаолиятини юритиш ва кенгайтириш жараёнида дуч келаётган муаммолар, янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда божхона соҳасига оид бошқа масалалар юзасидан мурожаат ва таклифларини билдирди.
Хусусан, омборхоналар фаолиятини кенгайтириш ва янгиларини ташкил этиш, тозаланмаган ўсимлик ёғини импорт қилиб, қайта ишлаш ва экспорт қилиш, импорт қилинаётган бензин маҳсулоти таннархини пасайтириш, аниқланган қарздорликни бўлиб-бўлиб тўлаш, аввал фаолият юритган омборхонани қайта тиклаш каби масалалар кўтарилди. Жумладан, “CENTRUM-SOLUTIONS” МЧЖ вакиллари мавжуд омборхона ҳудудини кенгайтириш ҳамда қўшимча сақлаш майдонларини ташкил этиш бўйича мурожаат қилди. Таклиф маъқулланиб, лойиҳани амалга ошириш учун зарур ҳужжатларни қонунчилик талаблари асосида расмийлаштириш ва белгиланган тартибда тақдим этиш юзасидан тушунтириш берилди.

Шунингдек, “SANJIK SHOD” корхонаси вакиллари томонидан тозаланмаган, қайта ишланмаган ўсимлик ёғини импорт қилиш, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотни экспортга йўналтириш ташаббуси айтилди. Ушбу таклиф ҳам қўллаб-қувватланиб, фаолиятни йўлга қўйиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тушунтирилди. “PREMIER ELECTROTECH” корхонаси масъуллари омборхона ташкил этиш ва уни белгиланган тартибда фаолиятга тушириш масаласи кўтарилди. Мурожаат юзасидан тегишли тушунтириш ва кўрсатмалар берилди.

Сайёр қабул давомида ҳар бир мурожаат алоҳида кўриб чиқилиб, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган таклифлар муҳокама қилинди. Шу билан бирга, ўз фаолиятида юқори натижаларга эришаётган, иқтисодиёт ривожига муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркорлар бошқарма бошлиғи томонидан муносиб тақдирланди.

Бундай сайёр қабуллар тадбиркорлар билан очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш, уларни қийнаётган масалаларни жойида ўрганиш ва ҳал этиш, божхона органлари билан ишбилармонлик субъектлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
А.Мусаев, ЎзА