“Кимчи фестивали” — миллатлараро дўстлик ва маданиятлараро мулоқот байрами
Ўзбекистонда Миллатлараро муносабатлар қўмитаси ва Корейс маданий маркази ҳамкорлигида “Кимчи фестивали” бўлиб ўтди. У корейс миллий маданиятини тарғиб этиш ва халқлар ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашга қаратилди.
Кимчи — корейс миллатининг энг қадимий ва машҳур миллий таомларидан бири бўлиб, асосан турли сабзавотларни махсус зираворлар ёрдамида аралаштириш орқали тайёрланади.
Мазкур таом нафақат корейс миллий ошхонасининг ажралмас қисми, балки миллат бирдамлиги, оилавий қадриятлари ва авлодлар давомийлигини ифодаловчи маданий рамз сифатида ҳам қадрланади.

Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ҳамда Ўзбекистон корейс маданий марказлари уюшмаси ҳамкорлигида корейс миллатининг миллий пазандачилик анъаналарини тарғиб этишга қаратилган “Кимчи фестивали” ўтказилди.
Мазкур маданий-маърифий тадбирда Қўмита раҳбарияти, миллий маданий марказлар фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

Фестивалнинг асосий мақсади корейс миллатининг асрлар давомида шаклланган миллий урф-одатлари, анъаналари ва пазандачилик маданиятини кенг жамоатчиликка таништириш, шунингдек, мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлашдан иборат.
Тадбирда корейслар миллий маданиятида алоҳида ўрин тутадиган кимчи таомининг тарихи, тайёрланиш усуллари, унинг корейс миллати турмуш тарзи ва оилавий анъаналаридаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Айниқса, кимчини жамоа бўлиб тайёрлаш ва ўзаро улашиш анъанаси — “Кимжанг” корейс миллатининг ўзаро меҳр-оқибат, ҳамкорлик ва бирдамлик қадриятларини ўзида мужассам этади.
Ушбу анъана 2013 йилда ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган. Фестиваль миллий пазандачилик анъаналарини намойиш этиш билан бир қаторда, турли миллат вакилларининг бир-бирининг маданияти, қадриятлари ва урф-одатларига бўлган ҳурматини янада оширишга хизмат қиладиган муҳим маданий мулоқот майдонига айланди.
Бугунги кунда юртимизда истиқомат қилаётган корейс миллати вакиллари мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, илмий, маданий ва маънавий ҳаётида фаол иштирок этиб, жамиятимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Ўзбекистон корейс маданий марказлари уюшмаси томонидан амалга оширилаётган маданий-маърифий лойиҳалар, миллий байрамлар ва турли фестиваллар корейс миллатининг ўзига хос маданий меросини асраб-авайлаш, уни келажак авлодларга етказиш ҳамда халқлар ўртасидаги маданий ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг тинчлик ва тотувликда яшаши, уларнинг миллий маданияти, тили, урф-одатлари ва анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантиришлари учун кенг имкониятлар яратилган. Юртимизда фаолият юритаётган миллий маданий марказлар эса мазкур эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш, миллатлараро тотувлик ва жамиятда бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда.
“Кимчи фестивали” ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилиб, маданиятлар хилма-хиллигини тарғиб этиш, халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, ёш авлодни бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик руҳида тарбиялашнинг ёрқин намунасига айланди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА