“Саломатлик марафони” оммавий-спорт тадбири бўлиб ўтди
Соғлом турмуш тарзи – барча учун муҳим. Яккасаройда ўтган "Саломатлик марафони" минглаб инсонларни жисмоний фаоллик ва саломатлик ғояси атрофида бирлаштирди. Ушбу тадбирнинг аҳамияти нимада?
Инсон жисмонан тетик бўлса, унинг ҳар қандай фаолияти самарали бўлади. Зеро, тиб илмининг султони, буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино ҳам бежизга тарбиянинг бир қанча кўриниши бўлиб, бунда жисмоний тарбия ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидламаган.
Шу мақсадда, Яккасарой туманида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, жисмоний фаолликни ошириш ҳамда спортга бўлган қизиқишни кучайтиришга қаратилган “Саломатлик марафони” оммавий-спорт тадбири ўтказилди.

Марафон Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита ҳудудидан бошланиб, “Дўстлик” боғида давом этди.
Яккасарой тумани ҳокимлиги, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда тиббиёт ходимлари, маҳалла фаоллари, спорт тренерлари, таниқли санъаткорлар ва туман аҳолиси фаол иштирок этди.
“Саломатлик марафони” иштирокчиларни бир мақсад – соғлом ҳаёт тарзи, жисмоний фаоллик ва саломатликни асраш ғояси атрофида бирлаштирди.
Шуни айтиш керакки, бундай тадбирлар аҳоли, айниқса ёшлар орасида спорт билан мунтазам шуғулланиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш ва ўз саломатлигига эътиборли бўлиш маданиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шербек Исломов,
ЎзА