Хонадонбай иш — янги натижалар сари муҳим қадам
Бугун мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилалар учун барқарор даромад манбаларини яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 3 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда кейинги йилларда камбағалликни қисқартириш, аҳолини даромад манбалари билан таъминлаш ва маҳалла даражасида иқтисодий имкониятларни кенгайтиришга қаратилган ишлар натижаси муҳокама қилиниб, келгусидаги муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Бу борада ҳудудларга кенг ваколатлар, молиявий ресурслар ва инфратузилмавий имкониятлар яратилиб, ҳар бир оила билан манзилли ишлаш тизими йўлга қўйилди.
Натижада йил бошида 5,8 фоизни ташкил этган камбағаллик даражаси бугунги кунга келиб 3,9 фоизга тушди. Эҳтиёжманд аҳоли сони 2 миллион 200 минг нафардан 1,5 миллион нафарга камайди. Ишлар самарали ташкил этилган 49 та туман ва 3 минг 429 та маҳалла ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айланиб бормоқда.
Шу билан бирга, ҳудудлар кесимида натижалар турлича экани, айрим маҳаллаларда камбағал оилалар билан ишлашни янада кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида ҳам амалий ишлар бошлаб юборилди.

Бугунги кунда тумандаги 18 та маҳаллада 85 минг 700 нафар фуқаро истиқомат қилади. Жами 15 минг 502 та хонадондан 753 таси камбағал оилалар реестрига киритилган.
Шу мақсадда туман ҳокими Комилжон Муллажанов бошчилигида мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳудудларга чиқиб, хонадонбай ўрганиш ишларини бошлади.
Навбатдаги ўрганишлар Янги ҳаёт маҳалласида ташкил этилди. Мазкур маҳаллада 3 минг 854 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бу ерда 687 та хонадон бўлиб, уларнинг 48 таси камбағал оилалар реестрига киритилган.

Туман ҳокими ва масъуллар хонадонларга кириб, оилаларнинг турмуш шароити, бандлик ҳолати, мавжуд муаммолари ҳамда меҳнат қилиш имкониятларини ўрганди.
Ҳар бир оиланинг шароити, қизиқиши ва салоҳиятидан келиб чиқиб, уларнинг даромадини ошириш, бандлигини таъминлаш ва камбағалликдан чиқариш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Эътиборли жиҳати шундаки, Сайхунобод туманида Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2024 йилнинг март ойида аҳоли даромадларини ошириш ва томорқалардан самарали фойдаланиш бўйича янги тизим — «Сайхунобод тажрибаси» йўлга қўйилган эди. Бугун ушбу тажриба ўзининг амалий самарасини бермоқда. Янги ҳаёт маҳалласида томорқачилик, паррандачилик ва чорвачиликни йўлга қўйиб, оиласининг иқтисодий аҳволини яхшилаб, етиштирган маҳсулотларини бозорга чиқариб, қўшимча даромад ҳам топишмоқда.
Энди ана шу тажрибани камбағал оилалар реестрига киритилган хонадонларда ҳам кенг жорий этиш муҳим вазифалардан бири этиб белгиланди. Ишлаш истаги бор, аммо имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шароит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўрганишлар давомида айрим оилаларда томорқачиликни ривожлантириш, бошқаларида паррандачилик ёки чорвачиликни йўлга қўйиш, фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш ва иш билан таъминлаш бўйича амалий чоралар белгиланди. Тадбиркорлик қилиш истаги бор фуқароларга имтиёзли кредитлар ва бошқа қўллаб-қувватлаш механизмларидан фойдаланиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилмоқда.

— Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугун бор эътиборимизни ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни камбағалликдан чиқариш, уларнинг бандлигини таъминлаш, доимий ва барқарор даромад манбаларини яратиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш масалаларига қаратишимиз зарур, — дейди Сайхунобод тумани ҳокими Комилжон Муллажанов. — Асосий мақсадимиз — маҳаллаларимизни камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш. Бу борада аниқ вазифа ва устувор йўналишлар белгилаб берилди. Энди эса уларни амалий натижага айлантиришимиз керак.
Бугунги ёндашувнинг энг муҳим жиҳати — муаммони кабинетда эмас, бевосита хонадоннинг ўзида ўрганишдир. Чунки ҳар бир оиланинг шароити ва эҳтиёжи турлича. Кимгадир доимий иш ўрни зарур бўлса, яна кимдир касб-ҳунар ўрганиш ёки тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кўмакка муҳтож.

Шу боис, ҳар бир оилага индивидуал ёндашиш, мавжуд имкониятларни аниқлаб, уларни даромад манбаига айлантириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Туман ҳокими Комилжон Муллажановнинг мутасаддилар билан биргаликда ҳудудларга чиқиб, хонадонма-хонадон иш олиб бориши ҳам белгиланган вазифаларни амалий натижага айлантиришга қаратилган.

Мақсад аниқ: ҳар бир хонадон — даромадли, ҳар бир фуқаро — банд, ҳар бир оила — фаровон бўлиши керак.
Зеро, камбағалликни қисқартириш — шунчаки рақамларни камайтириш эмас. Бу — инсонларга меҳнат қилиш ва ўз ҳаётини яхшилаш учун имконият яратиш, оилаларда барқарор даромад манбаларини шакллантириш демакдир.
Сайхунобод туманида бошланган хонадонбай ўрганиш ва амалий ишлар ҳар бир оиланинг имкониятини рўёбга чиқариш, аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш, маҳаллаларни камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш йўлида муҳим қадам бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири