Акциз маркасиз тамаки маҳсулотларини муомалага киритилишининг олди олинди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Поп тумани бўлими, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида фуқаролар К.К. ва Э.К. Поп туманидаги “Маданият” маҳалласи ҳудудида жойлашган хонадонда хорижда ишлаб чиқарилган, акциз маркасиз тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда сақлаб келганликлари аниқланди.
Маълум бўлишича, умумий баҳоси 148,4 миллион сўмлик 9 960 қути тамаки маҳсулоти кейинчалик ўтказиш мақсадида сақланган. Аниқланган маҳсулотлар белгиланган тартибда ашёвий далил сифатида олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25 ва 186-1-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда ҳолатнинг барча тафсилотларини аниқлаш мақсадида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА