Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида малакали кадрларнинг ўрни муҳим
Қарор асосида
Юртимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз ўрнида соҳа учун малакали мутахассисларни тайёрлашни талаб этади. Мазкур тизимни фаолият хусусиятларидан келиб чиқиб янада такомиллаштириш, кадрларнинг профессионал салоҳиятини ошириш, доимий мониторинг қилиб бориш тартибини жорий этиш натижадорликни кенгайтиради.
Шу мақсадда жорий йил 26 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Жумладан, қарорга кўра, 2026/2027-ўқув йилидан Жамоат хавфсизлиги университетида ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги, жамоат тартибини сақлаш ҳамда қўриқлаш фаолияти (жамоат хавфсизлигини таъминлаш) йўналишларида кадрлар тайёрланади.
Шунингдек, университетда ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналиши учун юриспруденция соҳасида олий маълумотга эга кадрлар тайёрланади.
Хусусан, бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида “Юриспруденция (“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти”, “Жамоат тартибини сақлаш фаолияти”, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги фаолияти” ва “Қўриқлаш фаолияти”)” йўналишлари, масофавий таълим шаклида эса “Юриспруденция (“Жамоат хавфсизлигини ҳуқуқий таъминлаш”)” йўналиши, ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида камида беш йиллик амалий хизмат стажига эга ходимлари ва ҳарбий хизматчилари учун магистратурада ўқитиш “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини ташкил этиш” мутахассислиги бўйича таълим олиш имкониятлари яратилади.
Бундан ташқари, Қуролли Кучлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун мутахассисларни тайёрлаш кундузги таълим шаклида давлат гранти асосида амалга оширилади.
Масофавий таълим шаклида эса Миллий гвардия ва ички ишлар органларининг олий маълумотга эга бўлмаган ҳарбий хизматчилари ва ходимлари учун давлат гранти асосида, олий маълумотга эга бўлган ҳамда Қуролли Кучлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳарбий хизматчилари ва ходимлари учун тўлов-контракт асосида ташкил этилади.
Кадрларни умумфуқаровий асосда тайёрлаш кундузги, кечки ва масофавий таълим шаклларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА