Йўл сифати ва вақт: пулли трассалар нега керак?
Пулли автомобиль йўли — вақт, хавфсизлик ва сифатли инфратузилма учун тўлов тамойилига асосланган замонавий транспорт тизими.
Бундай йўллар транспорт оқимини самарали тақсимлайди, тирбандликни камайтиради, қатнов вақтини қисқартиради ва йўл инфратузилмасини узоқ муддат сифатли сақлаш учун барқарор маблағ манбасини яратади.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз иқтисодиёти 3 карра ўсди. 2030 йилга бориб унинг ҳажмини 240 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Бу эса йўл-транспорт ва логистика инфратузилмасини иқтисодиётнинг ўсиш суръатларига мувофиқ ривожлантиришни талаб этади. Бугун Ўзбекистон ҳудудидан халқаро аҳамиятга эга 4 минг километр транзит йўл ўтади. Уларнинг 30 фоизи тўлиқ қувватда, яна 25 фоизи ортиқча юклама билан ишламоқда.
Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ҳудудларни боғловчи йўлларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Урганчдан Хивага бориш янада тез, қулай ва хавфсиз бўлиши кутилмоқда. Хоразмда Ўзбекистонда илк бор қурилаётган пулли автомобиль йўли — Т001 “Урганч–Хива” трассаси нафақат икки шаҳар ўртасидаги қатновни енгиллаштиради, балки ҳудуднинг туризм ва логистика салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Урганчдан Хивага — янги йўл: 35 километрлик замонавий пулли трасса сифати қандай бўлади?
Тасаввур қилинг: 35 километрлик янги трасса, соатига 130 километргача ҳисобий ҳаракат тезлиги, тўртта ҳаракат тасмаси ва замонавий рақамли бошқарув тизими. Энг муҳими, ҳайдовчи босиб ўтган масофаси учунгина ҳақ тўлайди.

Қиймати 120 миллион АҚШ долларига баҳоланган тўрт қаторли автомагистрал қурилиши февраль ойида бошланган. Янги йўл мавжуд D215 Хива шоссесига муқобил бўлади. Лойиҳа амалга оширилгач, Урганч ва Хива ўртасидаги сафар вақти 60 дақиқадан 17 дақиқагача қисқариши, йўлнинг ўтказувчанлиги эса суткасига 20 мингдан ортиқ автомобилни ташкил этиши кутилмоқда. Йўлнинг бошида, 7- ва 33-километрларда жами 3 та кириш-чиқиш терминали ташкил этилади. Трассанинг ишга туширилиши мавжуд йўлдаги юкламани камайтириб, транспорт оқимини самарали тақсимлаш имконини беради. Мазкур трасса Хоразмнинг бир нечта ҳудудларини қамраб олади.
Хусусан, йўлнинг 1,1 километри — Урганч шаҳри, 11,6 километри — Урганч тумани, 3,7 километри — Қўшкўпир тумани, 16,7 километри — Хива тумани ҳамда 1,9 километри — Хива шаҳри ҳудудидан ўтади. Шу тариқа янги автомобиль йўли Хоразмнинг икки муҳим маркази — Урганч ва Хивани замонавий транспорт инфратузилмаси билан янада яқинлаштиради. Лойиҳанинг умумий қиймати 1,8 триллион сўм, яъни 148 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Қурилиш ишларига 1 200 та махсус техника ва 1,5 минг нафардан ортиқ мутахассис жалб қилинган. Айни пайтда қурилиш-монтаж ишлари ҳажми 1,5 триллион сўмдан ортиқни ташкил этмоқда.
Трасса замонавий муҳандислик талаблари асосида лойиҳалаштирилган. Йўл конструкцияси юқори транспорт юкламасига чидамлилик, узоқ хизмат муддати ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга мўлжалланган. Лойиҳа доирасида жами 106 та сунъий иншоот барпо этилади. Улар орасида 15 та кўприк, 8 та йўл ўтказгич, 1 та ер ости тоннели, 6 та ер ости пиёда ва чорва ўтиш жойи, 49 турдаги сув иншооти ҳамда 51 та металл қувур мавжуд. Бу иншоотлар йўлнинг нафақат транспорт учун қулай, балки хавфсиз ва барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган.
Пулли йўл қурилишида бош лойиҳачи — “Йўл лойиҳа бюроси” МЧЖ. Бош пудратчи — Автомобиль йўллари қўмитаси ҳузуридаги “Ўзйўлкўприк” кластерининг Тошкент вилояти филиали, консультант — Туркиянинг “Temelsu International Engineering Services” компанияси.
Муҳайё Тошқораева тайёрлади.
ЎзА