Россияда ўлат гумони: расмийлар рад этмоқда
РФ расмийлари Сибирда вафот этган 28 ёшли лаборатория ходимида ўлат касаллиги аниқланганини рад этмоқда, бироқ у билан мулоқот қилган қарийб 200 нафар шахс карантинга олинган, 60 дан ортиқ ҳамкасби институт биносида бир неча кун ушлаб турилди, айрим шифохоналарга кириш ҳам чекланди.
Иркутскдаги Ўлатга қарши илмий-тадқиқот институти ходими Дарья Шипилова сентябрь охирида Шелехов туман шифохонасига ётқизилган ва ўтган жума куни вафот этган. Россия истеъмолчилар ҳуқуқлари ва инсон фаровонлигини ҳимоя қилиш федерал хизмати — Роспотребнадзор унинг танасидан иш жойидаги фаолияти билан боғлиқ хавфли микроорганизмлар топилмаганини билдирди.
Расмий ташхис “сабаби номаълум пневмония” деб кўрсатилган. Шунга қарамай, Шипилова билан алоқада бўлганлар кузатув ва карантинга олинган. Иркутскдаги айрим шифохоналар, жумладан туғруқхона бўлимида ҳам чекловлар жорий этилган.
Ҳодиса атрофида турли тахминлар тарқалмоқда, аммо ўлат ташхиси ҳозирча тасдиқланмаган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Иркутск вилояти учун хавфни пастдан ўртача даражагача деб баҳолаган.
Европа касалликларни профилактика қилиш ва назорат маркази ҳам ҳолатни кузатаётганини билдириб, ўлат гумони ҳали тасдиқланмаганини қайд этди. Шу билан бирга, Қозоғистон ва Қирғизистон Россия билан чегарада санитария назоратини кучайтирди. Касалликнинг расмий сабаби бўйича якуний натижалар ҳозирча эълон қилинмаган.
Мусулмон Зиё, ЎзА