Францияда намойиш: 500 дан ортиқ киши қўлга олинди
Францияда мактаб ўқувчиларининг таълим учун кўпроқ маблағ талаб қилиб ўтказаётган намойишлари учинчи кун ҳам давом этди. Париж ва бошқа шаҳарларда полиция намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ қўллади, мамлакат бўйлаб 500 дан ортиқ киши қўлга олинди.
Таъкидланишича, сешанба куни намойишларда 250 мингдан зиёд киши қатнашган, Парижнинг ўзида эса 56 минг киши кўчага чиққан. Асосан тинч ўтган пойтахтдаги намойиш якунида айрим гуруҳлар полиция билан тўқнашган. Марсель, Страсбург ва бошқа шаҳарларда ҳам катта йиғинлар бўлиб ўтди. Ўлкадаги 3 700 та мактабдан 891 тасида дарслар тўлиқ ёки қисман тўхтатилди.
Ўқувчилар синфхоналарнинг эскиргани, парта ва стуллар етишмаслиги, ёзда хоналарнинг ҳаддан ташқари исиб кетиши, ҳатто айрим мактабларда каламушлар пайдо бўлганидан норози.

Намойишлар Эммануэль Макрон ҳукуматига босимни янада кучайтирмоқда. Икки ҳафтадан ортиқ давом этган дарс бойкотлари ва мактабларни тўсишлар давомида 6 500 дан зиёд киши, асосан вояга етмаганлар, қўлга олинган.
Мамлакат таълим вазири Эдуар Жеффренинг маълум қилишича, намойишлар бошланганидан бери 85 нафар ўқитувчи, 215 нафар ўқувчи ва 715 нафар полиция ходими жароҳатланган. Бош вазир Себастьен Лекорню мактаблардаги зўравонликни қоралаб, полиция ҳаракатлари билан боғлиқ ҳар қандай “бахтсиз ҳодиса” текширилишини билдирди. Айрим ўқувчи гуруҳлари эса янги намойишларни пайшанба куни ўтказишга чақирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА