Доҳа – 2030: Қатар Осиё ўйинларига тайёргарликни бошлади
Қатар 2030 йилги Осиё ўйинларига мезбонлик қилишга тайёргарлик кўрар экан, 2036 йилги Олимпиадани ҳам қабул қилиш ниятини билдирди.
Қатар Осиё ўйинлари байроғини Япониянинг Айти-Нагоя шаҳридаги мусобақалар ёпилиш маросимида қабул қилиб олди. Шу билан Доҳа учун 2030 йилгача бўлган тўрт йиллик тайёргарлик даври бошланди.
Мамлакат 2006 йилда ҳам Осиё ўйинларига мезбонлик қилган. Эндиликда Қатарнинг спорт бўйича режалари янада катта: Халқаро Олимпия қўмитаси маълумотига кўра, мамлакат 2036 йилги жаҳон Олимпиадасини ўтказишга қизиқиш билдирган етти давлатдан бири. Бу рўйхатдан Ҳиндистон, Жанубий Африка, Жанубий Корея, Германия, Венгрия ва Туркия ҳам ўрин олган.
Қатардаги Осиё ўйинлари билан бир қаторда, Формула-1нинг Яқин Шарқдаги тақдири ҳам ойдинлашди. Чемпионат раҳбари Стефано Доменикали маълум қилишича, Қатар Гран-приси 29 ноябрь, Абу-Даби Гран-при эса 6 декабрь куни ўтказилади.
Бу қарор минтақадаги кескинлик сабаб мавсумнинг сўнгги пойгалари тақдири бир неча ой давомида ноаниқ бўлиб турганидан кейин қабул қилинди. Мавсумда Баҳрайн ва Саудия Арабистонидаги пойгалар бекор қилинган, ҳатто Абу-Даби босқичини Италиянинг Имола шаҳрига кўчириш варианти ҳам муҳокама қилинган эди.
Мусулмон Зиё, ЎзА