Айрим давлатлар Макка келишувидан хавотирга тушиши асослими?
5 октябрь куни Ар-Риёдда Макка келишуви доирасида учрашув бўлиб ўтди. Сиёсат ва мудофаа қўмитаси фавқулодда йиғилишидан сўнг Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон қўшма баёнот эълон қилган. Ҳужжатда томонлар жамоавий ҳимояга содиқликни яна бир бор тасдиқлаган. Шунингдек, Макка, Мадина ва Саудиянинг бошқа шаҳарлари, фуқаролик нишонлари ҳамда иқтисодий мажмуаларига уюштирилган ҳужумлар қораланган.
Томонлар келишилган ҳарбий контингент ва имкониятни таъминлаш, тезкор равишда Саудияга қўшин жойлаштириш кўзда тутилган жамоавий мудофаа мажбуриятини дарҳол амалга оширишни бошлашга келишиб олган.
Макка келишуви минтақадаги бошқа давлатлар, жумладан Эрон ёки Исроилни
хавотирга солиши мумкинми?
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған таъкидлашича, мудофаа шартномаси Эрон ёки Исроилга қарши қаратилмаган. Йиғилиш арафасида у “Newsweek” нашрига интервью бериб, масаланинг шу жиҳатига алоҳида эътибор қаратган.

– Ушбу шартнома янада хавфсиз, тинч ва фаровон келажак қуриш йўлидаги умумий масъулиятимиз ифодасидир, – деган Эрдоған.
Унинг таъкидлашича, ҳужжат БМТ Низоми 51-моддасида мустаҳкамланган ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига асосланган. Яъни, уч давлатдан бирига қуролли ҳужум барча томонларга қилинган таҳдид сифатида баҳоланади. Ёрдам шакли вазиятдан келиб чиқиб танланади: разведка ва логистикадан ҳарбий иштироккача.
Покистон Ахборот вазирлиги “Reuters” агентлигининг Исломобод ўзаро мудофаа тўғрисидаги Макка келишуви доирасида Саудияга 30 000-40 000 аскар юбориши тўғрисидаги хабарни инкор этди. Шу билан бирга Ислом Республикаси Подшоҳлик хавфсизлигини таъминлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади. Тарқалган тафсилот эса нотўғрилигини таъкидлаб, одамларни номаълум манбаларга асосланган ахборотдан қочиш, Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа идоралардаги расмий манбаларга таянишга чақирди.

– Сохта рақам ва маълумотни ўйлаб топмай, саволни тегишли расмий манзилларга йўналтириш керак, – дейилган баёнотда.
Покистон ташқи ишлар вазири Исҳоқ Дар айтишича, Макка Мудофаа альянсига яна 6 давлат қўшилиш истагини билдирган. Тегишли мамлакатлар номи эса ошкор қилинмаган.
– Битим тўлиқ ишга тушгандан сўнг янги аъзолар қўшилиши мумкин, жараён бир йилгача давом этади, – дейилган шу ҳақдаги хабарда.
Қатар ҳукумати айни масалага муносабат билдириб, Альянсига аъзо бўлиш масаласи кун тартибига қўйилишига ҳали эрталигини таъкидлади.

– Қатар минтақа мамлакатлари, жумладан Макка иттифоқи хавфсизлик, суверенитет ва ҳудудий яхлитликни сақлаб қолиш учун кўтарган ҳар қандай ташаббусни қўллаб-қувватлайди, – деди мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Оммавий ахборот воситалари ва коммуникация департаменти директори Ал-Ҳошимий. – Фақат Қатар ушбу иттифоққа қўшилиши ҳақида гапиришга ҳали эрта.
Унинг қўшимча қилишича, мазкур мудофаа шартномаси минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Шунингдек, дипломат Доҳа Подшоҳликнинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш учун зарур ҳар қандай чора бўйича Ар-Риёдни қўллаб-қувватлашини билдирди.
С.Раҳимов, ЎзА