Марокашнинг биринчи аёл раҳбари: Рамзми ё ҳақиқий ислоҳот?
Фотима Заҳро Мансурий Марокашнинг биринчи аёл Бош вазири бўлди. Унинг тимсоли мамлакатни ижобий томондан кўрсатиш учун ўзига хос рамзий маънога эгами ёки Мансурий ҳақиқатан маҳаллий аёллар ҳаётини ўзгартира оладими?
Германиянинг DW ахборот агентлигини тарқатган хабарга кўра, Марокаш ҳукумати раҳбари лавозимига илк бор аёл киши – пойтахт мэри Фотима Заҳро Мансурий тайинланиши эълон қилингач, маҳаллий тележурналистлар томонидан сўралган аксар фуқаролар мамнунлик изҳор этган.
– Бизда хилма-хиллик учун хотин-қизлардан Бош вазир бўлгани жуда яхши. Бу кайфиятимизни бироз кўтарарди, – дейди йўловчи аёл.
– Нима учун ожизаларга имконият берилмаслиги керак? – дейди бошқа бир жувон. – Бизда илгари ҳеч қачон аёл ҳукумат раҳбари бўлмаган эди. Худо уни ёрлақасин ва йўлдан адаштирмасин.
– Бу лавозимни ким эгаллашидан қатъи назар, Марокашда ижобий ўзгаришлар юз бериши шарт, – дея қўшимча қилди эркак фуқаро.
Табиийки, сўров давомида бошқача фикрлайдиганлар ҳам учради. Баъзи маҳаллий аҳоли вакиллари анъана ва протоколга кўра, фақат эркаклар иштирок этадиган расмий тадбирларда хотин-қизлар қандай иштирок этиши мумкинлигини тушунмаган.
– Кўпчилик жувон ҳокимият тепасида бўлса, мамлакат муваффақиятга эриша олмайди, деб ҳисоблайди, – дейди эркак йўловчи тележурналистга, миллий сиёсатда ҳал қилувчи сўз Қироли Муҳаммад VI га тегишлилигини назарда тутиб.
Марокаш – конституциявий монархия. Шунинг учун мамлакатда сайлов ўтказилади. Бинобарин, бутун ижро ҳокимияти Қиролга тегишли. Ҳукумат бошлиғи ёки Бош вазир Вазирлар Маҳкамаси ва маъмуриятга раҳбарлик қилади ҳамда давлат сиёсатини юритади.
Маълумки, Марокаш 2030 йил Испания ва Португалия билан бирга футбол бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши муносабати билан мамлакатга миллиардлаб доллар сармоя киритишга тайёрланмоқда. Мансурий эса халқ орасида “Футбол бўйича жаҳон чемпионати ҳукумати” деб аталадиган ташкилотга раҳбарлик қилади. У 2023 йил содир бўлган вайронкор зилзила оқибатига қарши курашда етакчилик фазилатини намоён этган.
Айрим кузатувчилар фикрича, ушбу тайинлов муҳим рамзий маънога эга. 2025 йил ўтказилган сўровномага кўра, Марокашда ҳам аёлларнинг жамиятдаги ўрнига муносабат ижобий томонга ўзгармоқда. Мансурий айни жараённи тезлаштириши мумкин.
Абдуғофир Маматов, ЎзА