Рақамли давр ижтимоий тизимларни қандай ўзгартиради?
Жорий йил 23–25 сентябрь кунлари Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Ижтимоий тизимларни моделлаштириш ва рақамли трансформация: илмий тажрибалар, технологиялар ва ривожланиш истиқболлари” мавзусидаги IV халқаро илмий-амалий конференция ўтказилмоқда.
Анжуман Ўзбекистон Миллий университети ҳамда “Science and Innovation” халқаро илмий журнали ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда турли мамлакатлардан келган олимлар, тадқиқотчилар ва соҳа мутахассислари ижтимоий фанлар билан рақамли технологиялар уйғунлигида олиб борилаётган илмий изланишлар натижаларини тақдим этмоқда.

“MSBC–2026” дастуридан ижтимоий жараёнларни замонавий ҳисоблаш технологиялари ёрдамида ўрганишга қаратилган кенг қамровли мавзулар ўрин олган.

Хусусан, ижтимоий фанларда ҳисоблаш интеллектидан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда рақамли маълумотлар асосида жамиятдаги жараёнларни таҳлил қилиш, улар ўртасидаги боғлиқликларни аниқлаш ва илмий хулосалар шакллантиришда замонавий ҳисоблаш усулларидан фойдаланиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.

Ижтимоий жараёнларни агентларга асосланган моделлаштириш ҳам конференциянинг асосий йўналишларидан бири. Ушбу ёндашув орқали алоҳида шахслар ёки гуруҳларнинг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари моделлаштирилиб, уларнинг умумий ижтимоий жараёнларга таъсири ўрганилади. Бу усул турли ижтимоий сценарийларни компьютер муҳитида синаб кўриш имконини беради.

Ижтимоий тармоқлардаги ахборотни мониторинг қилиш ва таҳлил этиш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олган. Хусусан, катта ҳажмдаги рақамли контентни таҳлил қилиш, жамоатчилик фикри ва ижтимоий тенденцияларни ўрганишда сунъий интеллект ҳамда маълумотларни қайта ишлаш технологияларидан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинмоқда.

Шунингдек, ўйин назарияси асосида ижтимоий жараёнларни моделлаштириш масалалари кўриб чиқилмоқда. Бунда турли иштирокчиларнинг қарорлари, манфаатлари ва ўзаро таъсири математик моделлар орқали таҳлил қилиниб, ижтимоий ва иқтисодий жараёнларнинг ривожланиш сценарийлари ўрганилади.
Иқтисодиётда тизимли моделлаштириш ва макон-замон таҳлили ҳам конференциянинг муҳим йўналишларидан. Бу орқали иқтисодий жараёнларни вақт ва ҳудуд кесимида ўрганиш, улардаги ўзгаришларни аниқлаш ва турли омиллар таъсирини баҳолашга қаратилган илмий ёндашувлар тақдим этилмоқда.
Сунъий интеллект ёрдамида ижтимоий-хулқ-атвор ҳодисаларини моделлаштириш масаласи ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бунда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда мураккаб ижтимоий жараёнларни таҳлил қилиш, уларнинг турли омиллар билан боғлиқлигини ўрганиш ва моделлаштириш усуллари муҳокама қилинмоқда.
Конференцияда табиий тилни қайта ишлаш ва амалий тилшунослик йўналишидаги тадқиқотлар ҳам тақдим этилмоқда. Хусусан, компьютер технологиялари ёрдамида инсон тилини таҳлил қилиш, матнларни автоматик қайта ишлаш, тил маълумотларини ўрганиш ва рақамли тилшунослик имкониятларидан фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА