Инсон ҳуқуқлари ҳимоясида янги босқич
Инсон ҳуқуқи ҳақида гап кетганда, уни қонунда белгилаб қўйишнинг ўзи етарли эмас. Ҳуқуқ бузилган тақдирда уни тез, самарали ва ортиқча тўсиқларсиз тиклаш имконияти мавжуд бўлсагина, қонун инсон учун ҳақиқий кафолатга айланади. Шу маънода судга мурожаат қилиш имконияти, ишнинг холис кўрилиши, қарорнинг қонуний ва асосли бўлиши ҳамда унинг ўз вақтида ижро этилиши - инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг энг муҳим мезонларидан ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 14 августдаги фармони билан тасдиқланган “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси айнан шу масалаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишни назарда тутади. Стратегиянинг мазмун-моҳиятида инсон қадрини улуғлаш, ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларни суд орқали ишончли ҳимоя қилиш марказий ўринга қўйилган.
Ҳужжатда суд тизимини ривожлантириш “халқчил суд”, “адолат қўрғони”, “кафолатланган адолат”, “адолат посбонлари”, “рақамли одил судлов” ва “халқаро эътироф” каби олти асосий устунга таяниши белгиланган. Бу ёндашувнинг ўзиёқ ислоҳотнинг асосий объекти суд идораси эмас, балки судга ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун келаётган инсон эканини кўрсатади.
Одил судлов инсонга қанчалик яқин?
Суд ҳимоясидан фойдаланиш ҳуқуқи фақат суднинг мавжудлиги билан ўлчанмайди. Фуқаро судга бориш учун қанча вақт сарфлаяпти, қанча масофа босиб ўтяпти, ишини юритиш учун неча марта келиб-кетишига тўғри келяпти. Булар ҳам одил судловга эришишнинг амалий кўрсаткичларидир.
Бугунги кунда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлар тизими фаолият юритмоқда. Бу тизим ўз вазифасини бажараётган бўлса-да, айрим чекка ҳудудларда яшовчи фуқаролар учун судга етиб бориш муайян вақт ва харажатни талаб қилиши табиий.
Шу нуқтаи назардан, стратегияда 2027-2030 йилларда барча ҳудудларда фуқаролик ишлари бўйича туман ва шаҳар судларини босқичма-босқич ташкил этиш белгиланаётгани катта ижтимоий аҳамиятга эга. Бунда аҳоли сони, судларга келиб тушаётган ишлар ҳажми, судьялар иш юкламаси, ҳудудий хусусиятлар ва одил судловдан фойдаланиш имкониятлари ҳисобга олинади.
Бу янгилик амалда тўлиқ ишлай бошлаши билан суд фуқарога ҳудудий жиҳатдан ҳам яқинлашади. Айниқса, оилавий, уй-жой, меҳнат, мерос, алимент ва бошқа кундалик ҳаёт билан узвий боғлиқ низоларда фуқаронинг ўз ҳудудида суд ҳимоясидан фойдалана олиши нафақат қулайлик, балки одил судловга тенг етиб бориш имконияти демакдир.
Стратегиядаги энг халқчил янгиликлардан яна бири судга берилган аризалар билан ишлаш тартибига тааллуқли. Яъни, фуқаронинг процессуал хатоси уни ҳуқуқий ҳимоядан узоқлаштирмаслиги керак.
Амалиётда фуқаро ёки тадбиркор ҳуқуқшунос бўлмаслиги, низонинг айнан қайси суд ваколатига тегишли эканини тўғри аниқлай олмаслиги мумкин. Айрим процессуал талабларга риоя қилинмагани ҳам инсоннинг ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш истаги йўқлигини эмас, ҳуқуқий билим ёки амалий тажриба етишмаслигини англатади.
Бироқ процессуал хато туфайли ариза қайтарилиши фуқаронинг яна ҳужжат тайёрлаши, бошқа судга мурожаат қилиши, вақт ва маблағ сарфлашига сабаб бўлади. Энг муҳими, ҳуқуқни тиклаш муддати чўзилади.
Ушбу фармонда бу масалага принципиал жиҳатдан янги ёндашув белгиланган: фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритишда иш мазкур суднинг судловига тегишли эмаслиги сабабли аризани қайтариш асосини бекор қилиш ва уни суднинг ўзи тегишли судга ўтказиши, шунингдек, жузъий, яъни формал камчиликлар мавжуд бўлганда аризани қабул қилиб, камчиликларни суднинг фаол кўмаги билан бартараф этиш тартибини жорий қилиш белгиланди.
Бу оддий процессуал ўзгаришдек кўриниши мумкин. Аслида эса унинг ортида катта ҳуқуқий ғоя бор: фуқаро идоралар ўртасида юрмаслиги, аксинча, тизим унинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга хизмат қилиши керак.
Мазкур жараённи амалга ошириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини 2027 йил 1 апрелга қадар киритиш вазифаси белгиланган. Демак, ушбу механизмлар тегишли процессуал қонунчиликка киритилиб, амалда тўлиқ ишлай бошлаганда, судга мурожаат қилишдаги ортиқча сарсонгарчилик сезиларли камайиши мумкин.
Бу инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳим сифат ўзгаришидир: суд фуқаронинг хатосини излашдан кўра унинг бузилган ҳуқуқини тиклашга кўпроқ йўналтирилади.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан фармоннинг жиноят процессига оид нормалари алоҳида эътиборга лойиқ.
Ўзбекистонда 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларида алоҳида тергов судьялари институти жорий қилинган. Судга қадар иш юритиш даврида бир қатор процессуал қарорларга санкция бериш масалалари шу судьялар томонидан ҳал этила бошланди. Бунинг ўзи шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқини суд орқали кафолатлашда муҳим босқич бўлди.
Энди “Одил судлов – 2030” стратегияси ушбу институтни янада кучайтиришни назарда тутмоқда.
2027 йил 1 июлдан бошлаб “асосли гумон” Prima Facie халқаро стандарти асосида тергов судьясига процессуал мажбурлов чорасини қўллаш ҳақидаги илтимосномани кўрар экан, шахсни ушлаб туришнинг нафақат расмий қонунийлигини, балки унинг асослилигини, гумон ёки айблов учун етарли асослар мавжудлигини ҳам текшириш ваколатини бериш назарда тутилган. Шубҳа пайдо бўлса, тергов сирини сақлаган ҳолда қўшимча ҳужжатларни талаб қилиш имкони ҳам белгиланмоқда.
Бу жуда муҳим фарқ. Яъни суд назоратининг мазмуни “ҳужжатлар расмий жиҳатдан тўғрими?” деган савол билан чекланиб қолмасдан, “инсоннинг эркинлигини чеклаш учун ҳақиқатан етарли ҳуқуқий ва фактик асос борми?” деган саволга ҳам жавоб излайди.
Шунингдек, шахснинг конституциявий ҳуқуқларини бевосита чеклайдиган тезкор-қидирув тадбирларига санкция судлар томонидан берилишини қонунчиликда белгилаш вазифаси қўйилган. Бу эса “Хабеас корпус” институтининг таъсир доирасини кенгайтириб, шахсий дахлсизлик, шахсий ҳаёт ва бошқа конституциявий ҳуқуқларга аралашув устидан мустақил суд назоратини кучайтиришга хизмат қилади.
Бу механизмлар тўлиқ жорий этилгач, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш суд муҳокамаси бошланганидан кейингина эмас, балки жиноят процессида инсон ҳуқуқи чекланаётган энг дастлабки босқичданоқ кучлироқ таъминланади.
Фуқаронинг адолатга ишончи учун яна бир муҳим шарт бор: ўхшаш ҳуқуқий вазиятларда қонун бир хил талқин қилиниши ва суд амалиёти барқарор бўлиши керак.
Шу мақсадда 2027 йил 1 августдан бошлаб ягона суд амалиётини шакллантирувчи Олий суд Раёсати қарорларини очиқ эълон қилиш ва мунтазам янгилаб боришни назарда тутувчи “Прецедентлар” реестри жорий этилади.
Бу реестрнинг аҳамияти фақат судья ёки ҳуқуқшунослар учун ҳуқуқий манба яратилиши билан чекланмайди. У фуқаро ва тадбиркорга ҳам муайян ҳуқуқий муносабат бўйича суд амалиёти қай йўналишда шаклланаётганини кўриш имконини беради.
Натижада ҳуқуқий аниқлик ортади, суд қарорларининг барқарорлиги кучаяди, бир хил ҳолатларга турлича ҳуқуқий ёндашувларнинг олдини олиш учун қўшимча механизм пайдо бўлади.
Энг муҳими, инсон судга киришдан олдин ҳам ўз ҳуқуқий ҳолатини маълум даражада баҳолай олади. Адолат фақат қарорда эмас, унинг олдиндан тушунарли ва изчил бўлишида ҳам намоён бўлади.
Фармонда 2030 йилга қадар суд биноларининг кириш қисмида “ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш офисларини босқичма-босқич ташкил қилиш ҳам назарда тутилган.
Улар орқали фуқароларга зарур маълумот бир жойнинг ўзида берилади, процессуал мурожаатлар бўйича ташкилий ёрдам кўрсатилади, мурожаатлар тезкор қабул қилинади ва рақамли суд хизматларидан фойдаланишга амалий кўмаклашилади.
Бугун суд тизимида электрон мурожаат, суд ҳужжатларидан фойдаланиш, видеоконференцалоқа ва бошқа рақамли имкониятлар мавжуд. Олий суднинг my.sud.uz интерактив хизматлар портали ҳам судларга электрон мурожаат қилиш ва бошқа хизматларни бир нуқтада тақдим этиш йўлида муҳим инфратузилма вазифасини бажариб келмоқда.
Стратегия эса бу жараённи кейинги босқичга олиб чиқади. 2027 йил якунига қадар my.sud.uz портали такомиллаштирилиб, унинг янгиланган мобил иловасини ишга тушириш, судга мурожаат намуналарини яхшилаш ҳамда суд ҳужжатларини интерактив тарзда излаш имкониятларини кенгайтириш белгиланган.
Бу ерда муҳим жиҳат шундаки, рақамлаштириш суд учун қулай бўлган электрон тизим яратиш эмас, фуқаро учун қулай бўлган одил судловни яратиш воситасига айланмоқда.
“Одил судлов – 2030” стратегиясида белгиланган яна бир муҳим янгилик ҳудудлараро судларни ташкил этиш билан боғлиқ.
2027 йил 1 июлдан бошлаб умумюрисдикция ва маъмурий суд йўналишларида ишларни қайта кўриб чиқиш ваколатига эга, юрисдикцияси бир нечта маъмурий-ҳудудий бирликни қамраб оладиган ҳудудлараро судлар ташкил этилиши белгиланди.
Назаримда, мазкур янгиликка фақат суд тизимида янги бўғин пайдо бўлиши сифатида қараш тўғри бўлмайди. Унинг моҳияти, аввало, суд қарорларини қайта кўриб чиқиш жараёнида холислик, мустақиллик ва инстанцион ажратилганликни янада кучайтиришда намоён бўлади.
Фармонда ҳудудлараро судларга вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни тафтиш тартибида, шунингдек, мазкур судлар биринчи инстанцияда кўрган ишларни апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколатини бериш назарда тутилган. Шу билан бирга, ҳудудий судларнинг тегишли қайта кўриш ваколатларини тугатиш ҳамда ҳудудлараро судларда тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий судда қайта кўриш тартибини белгилаш бўйича қонунчилик механизмларини яратиш вазифаси қўйилган.
Бу ёндашувнинг амалий аҳамияти шундаки, суд ҳужжатига кейинги ҳуқуқий баҳо бериш жараёни ташкилий жиҳатдан бошқа суд бўғинига ўтади. Натижада суд қарорларини қайта кўришда холисликни таъминлаш учун қўшимча институционал кафолат яратилади.
Айни пайтда, бир нечта ҳудудни қамраб олувчи бундай судларнинг фаолияти суд амалиётидаги турлича ёндашувларни камайтириш, қонун нормаларининг бир хил талқин қилиниши ва қўлланилишига эришиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Зеро, Стратегияда суд ишларини қайта кўриб чиқиш тартибини такомиллаштириш орқали бузилган ҳуқуқларни тезкор тиклаш, суд амалиётининг ягоналиги ва барқарорлигини таъминлаш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Шу маънода, ҳудудлараро судларнинг ташкил этилиши суд тизимидаги навбатдаги ташкилий ўзгариш эмас, балки суд қарорларини қайта кўриш сифатини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган институционал ислоҳотдир. У фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини самарали тиклаш, суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини таъминлаш, энг муҳими, одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Тадбиркор ва инвесторлар учун ҳам муҳим янгилик белгиланган. 2028 йил 1 январдан иқтисодий суд ишларини юритишда “иқтисодий ишларни проактив бошқариш” – Proactive Case Management стандарти жорий этилиши кўзда тутилган. Унга кўра, судья ишни кўриш жараёнида жузъий формал камчиликларни аниқласа, уларни бартараф этиш чораларини кўриши лозим бўлади.
Бу ёндашув иқтисодий низони “процессуал шакллар мусобақаси” эмас, тарафларнинг ҳақиқий ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаш жараёнига айлантиришга хизмат қилади.
Тадбиркор учун вақт – иқтисодий ресурс. Аризадаги кичик формал хато сабаб жараённинг бошидан бошланиши, қўшимча давлат божи, вакил ёки бошқа харажатлар келиб чиқиши бизнес учун реал йўқотишдир. Янги стандарт амалда ишлай бошласа, суд жараёни тезкорлашиши, тарафларнинг вақт ва харажатлари камайиши, энг муҳими, низонинг моҳияти бўйича адолатли ечимга етиб бориш осонлашиши кутилмоқда.
Судьянинг асосий вазифаси – одил судлов. Инсоннинг ҳуқуқи сифатли ҳимоя қилиниши судьянинг иш учун етарли вақт ва профессионал мустақилликка эга бўлиши билан ҳам бевосита боғлиқ.
Шу боис 2028 йил 1 январдан суд маъмурчилиги – Court Administration институтини жорий этиш, ташкилий, моддий-техник, молиявий ва ахборот-таҳлилий вазифаларни махсус суд маъмурияти зиммасига ўтказиш назарда тутилган.
Бундай моделнинг мантиғи оддий: судьянинг вақти маъмурий-хўжалик масалаларига эмас, иш материалларини ўрганиш, далилларга баҳо бериш, тарафларни эшитиш ва қонуний, асосли ҳамда адолатли қарор қабул қилишга сарфланиши керак.
Шу маънода суд маъмурчилиги ҳам ташқи томондан ташкилий ислоҳотдек кўринса-да, унинг пировард натижаси яна инсон ҳуқуқларига бориб тақалади - сифатли одил судлов учун судьяга кўпроқ вақт ва мустақил профессионал муҳит яратилади.
“Одил судлов - 2030” стратегиясининг энг муҳим хусусияти шундаки, у суд тизимини ислоҳ қилишни фақат янги тузилмалар ёки рақамли технологиялар билан боғламаяпти. Унинг марказида инсон ва унинг бузилган ҳуқуқини тез, ишончли ҳамда самарали тиклаш ғояси турибди.
Бугун суд тизимида электрон хизматлар, тергов судьялари, масофавий иштирок, очиқ суд ҳужжатлари ва бошқа кўплаб замонавий механизмлар аллақачон амалиётга кириб келган. Янги Стратегия эса мавжуд механизмларни бир-бири билан боғланган, инсон манфаатига йўналтирилган яхлит тизим даражасига олиб чиқишни мақсад қилмоқда.
Энг муҳими, Фармонда белгиланган айрим механизмлар ҳали кейинги босқичларда - 2027 ва 2028 йилларда ҳамда тегишли қонунчилик ҳужжатлари қабул қилиниши билан тўлиқ ишлай бошлайди. Шу сабабли бугун уларни фақат келажак режаси сифатида эмас, одил судловнинг янги ҳуқуқий архитектураси сифатида баҳолаш ўринли.
Нотўғри судга мурожаат қилган фуқаронинг аризаси қайтарилмай, тегишли судга ўтказилиши; формал хато туфайли инсоннинг эшикдан қайтарилмаслиги; эркинликни чеклаш учун ҳақиқий ва етарли асосларни судьянинг ўзи текшириши; фуқаролик судларининг аҳолига яқинлашиши; суд амалиётининг очиқ ва бир хил бўлиши; рақамли хизматларнинг янада соддалашиши – буларнинг ҳар бири алоҳида янгилик.
Аммо уларни бирлаштириб турган ягона мақсад бор: инсон суд тизимига мослашиши эмас, суд тизими инсоннинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга мослашиши керак.
Шу тамойил амалда тўлиқ қарор топса, судга мурожаат қилиш шунчаки конституциявий ҳуқуқ бўлиб қолмай, инсон ўз ҳақ-ҳуқуқини тиклаш учун ишонадиган, тушунадиган ва бемалол фойдалана оладиган реал кафолатга айланади. Ана шунда “халқчил ва адолатли суд” тушунчаси қонун ҳужжатидаги мақсаддан кундалик ҳаётда сезиладиган ҳақиқатга айланади.
Шуҳрат Камолов,
Хоразм вилоят суди раиси.
ЎзА