Эрон билан музейшунослик бўйича ҳамкорлик алоқалари ривожланмоқда
Бугун Ўзбекистон Бадиий академиясида Бадиий академия раиси Акмал Нур ва Эрон Миллий музейи бош директори Жабраил Нокандеҳ жаноблари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда соҳада икки давлат намояндалари ўртасида алоқалар тобора ривожланиб бораётгани, янги имкониятлар юзага келаётгани қайд этилди. Учрашувда томонлар музейшунослик йўналишида ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, соҳа мутахассислари алмашинувини йўлга қўйиш, музейшунослик бўйича мутахассисларни ўқитиш, халқаро кўргазма лойиҳаларини ташкил этиш, икки томон музейлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, бу тўғрисида Меморандум имзолаш масалаларида келишиб олинди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ўз йўналишида Эрон Ислом Республикасининг тегишли муассасалари билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жумладан, музейда Эрон миниатюрачи рассомларининг кўргазмалари мунтазам ташкил этиб келинмоқда. Самимий руҳда ўтган мулоқотда томонлар бадиий таълим, тасвирий санъатда ҳамкорлик ўзаро манфаатларга хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.
Г. Бобоева, ЎзА