Чорвачиликни ривожлантиришда ҳудудий имкониятлардан фойдаланилади
Тошкент вилоятининг қатор ҳудудларида чорвачиликни ривожлантириш, истиқболли лойиҳалар ижросини жадаллаштириш ва фермер хўжаликлари дуч келаётган муаммоларни ҳал этишга қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Президентимизнинг 2025 йил 31 октябрдаги “Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, аҳолини гўшт, сут, тухум ва асал каби асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, чорвачилик хўжаликларининг озуқа базасини мустаҳкамлаш ҳамда ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлаш мақсадида вилоят бўйича 1 минг 349 та чорвачилик, паррандачилик ва асаларичилик лойиҳасини амалга ошириш белгиланган. Бунинг ҳисобига 7 минг 216 нафар аҳоли бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Мазкур вазифалар ижроси доирасида Бекобод, Бўка ва Пискент туманларида ҳудуд раҳбарлари, масъул ташкилотлар ва фермерлар иштирокида мавжуд лойиҳаларнинг ҳолати муҳокама қилинди. Хусусан, наслли қорамоллар сонини кўпайтириш, сунъий уруғлантириш қамровини кенгайтириш, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, имтиёзли кредитлар ҳамда субсидиялардан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Тошкент вилояти Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи О.Атауллаев Оққўрғон ва Бўка туманларида 80 нафар фермер билан очиқ мулоқот ўтказди. Унда фермерларнинг мавжуд муаммо ва таклифлари тингланиб, чорвачилик иншоотларини барпо этиш, имтиёзли кредитлардан фойдаланиш ҳамда давлат томонидан тақдим этилаётган қўллаб-қувватлаш имкониятлари юзасидан тушунтиришлар берилди.
Янгийўл туманида ҳам ушбу йўналишдаги лойиҳалар, жумладан, 60 та енгил конструкцияли чорвачилик объектини ташкил этиш ва ишга тушириш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Ҳозирги кунга қадар туманда 25 та шундай объект ташкил этилган бўлиб, йил якунига қадар уларнинг сонини 60 тага етказиш режалаштирилган.

Муҳокамалар давомида лойиҳалар ижросини таъминлаш, ҳар бир объект бўйича аниқ манзилли йўл хариталарини ишлаб чиқиш, қурилиши якунланган иншоотларни фойдаланишга топшириш ва чорва моллари билан таъминлаш каби вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, озуқа захирасини шакллантириш, сув ва электр энергияси таъминоти ҳамда ветеринария хизматларининг узлуксизлигини таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Кўтарилган масалаларни ҳал этиш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилиб, уларнинг бажарилиши кунлик назоратга олинди.
Мазкур чора-тадбирлардан кўзланган мақсад чорвачилик соҳасидаги лойиҳалар самарадорлигини ошириш, фермерлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳолини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашдан иборат.
А.Мусаев,ЎзА