Қашқадарёда реабилитация соҳасида халқаро тажриба ўрганилмоқда
Жанубий Кореянинг Кёнбук миллий университети Чилгок шифохонаси мутахассислари Ўзбекистонга ташрифи доирасида Қашқадарё вилояти ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказида бўлди.
Ташриф давомида хорижлик мутахассислар марказда яратилган шароитлар, реабилитация жараёнлари, замонавий тиббий ускуналар ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар билан танишди.
Шунингдек, марказ ходимлари иштирокида амалий семинар ташкил этилди. Унда кореялик мутахассислар реабилитациянинг замонавий усуллари, беморларнинг жисмоний имкониятларини тиклаш, уларнинг кундалик ҳаётга мослашувини таъминлаш борасидаги илғор тажрибалари билан ўртоқлашди.

Мулоқот давомида мутахассислар ўзаро фикр алмашиб, соҳада қўлланилаётган самарали ёндашувлар ва уларни маҳаллий амалиётга татбиқ этиш имкониятларини муҳокама қилди.
Таъкидлаш жоизки, марказда аҳолининг эҳтиёжманд қатламига малакали реабилитация хизматларини кўрсатиш, уларнинг саломатлигини тиклаш ва жамиятда фаол иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида марказга электрон йўлланма асосида 2 минг 132 нафар шахс даволаниш учун қабул қилинди. Уларнинг 1 минг 123 нафари саломатлигини қисман тиклашга муваффақ бўлди. Шунингдек, 348 нафар ногиронлиги бўлган шахсга амбулатор тиббий хизмат кўрсатилди.

Хорижий мутахассислар билан бундай учрашув ва тажриба алмашувлар реабилитация хизматларини такомиллаштириш, тиббиёт ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда замонавий даволаш усулларини амалиётга жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири