Миллатлараро дўстлик улуғланаётган юрт
Фуқаролик жамияти ҳафталиги доирасида Қўрғонтепа туманидаги 18-умумтаълим мактабида “Шу азиз Ватан барчамизники!” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Қирғиз, Корейс миллий-маданий марказлари Андижон вилояти бўлимлари, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ўқитувчи ва ўқувчилар, турли миллатлар, шунингдек, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир очилишида сўз олганлар мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланганлиги, хусусан, Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонун йўли билан ҳимояланганлиги, уларнинг ўз она тилларини ўрганишлари, анъана ва урф-одатларини ривожлантиришлари учун барча шароитлар яратиб берилганлиги таъкидланди.


– Бугун Андижон вилоятида 150 минг нафардан зиёд қирғиз миллати вакиллари яшайди, – дейди Ўзбекистон Қирғиз миллий маданий маркази Андижон вилоят бўлими раҳбари Обиджон Носиров. – Миллатдошларимиз Жалақудуқ, Хўжаобод, Марҳамат, Қўрғонтепа туманлари ҳамда Хонобод шаҳрида истиқомат қилади. Жойларда халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларини давом эттириш учун барча шароит ва имкониятлар яратилган. Бўлимимиз томонидан вилоятимизда яшаётган турли миллат ва элатларнинг ўзаро дўстлиги, тотувлигини мустаҳкамлаш, юртни обод қилиш, тинчлигини асрашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Юртдошларимизни, айниқса, ёшларни ватанпарварлик ва миллатлараро дўстлик руҳида тарбиялаш ишига ҳисса қўшяпмиз.
Тадбир доирасида ўзбек, қирғиз миллий либослари, ижодий ишлар кўргазмалари, икки халқ миллий анъаналари намойиш этилди. Мактаб ўқувчилари томонидан ўзбек, қирғиз тилларида куй ва қўшиқлар ижро этилди.
– Бу каби тадбирлар юртимизда миллатлараро дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, – дейди Қўрғонтепа туманидаги 18-умумтаълим мактаби директори Нодирбек Ўктамов. – Айниқса, дарслар ўзбек ва қирғиз тилларида олиб бориладиган мактабимизда дўстлик ришталари ўзига хос тарих ва анъаналарга эга. Мактабимизда қирғиз ёшларининг ўз она тилида ўқиши, билим олиши учун барча шароитлар яратилган.


Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Андижон вилоятида битта давлат ихтисослашган умумтаълим мактабида таълим тўла қирғиз тилида, шунингдек, 21 та мактабда дарслар қирғиз ва ўзбек-қирғиз тилларида олиб борилади. Ушбу мактаблар қирғиз тилидаги дарсликлар билан таъминланган. Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича ўқитувчиларга зарур услубий ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Бугун турли миллат, элат вакиллари эмин-эркин яшаб келаётган Ўзбекистонимизда миллатлараро дўстлик асло завол топмайди. Чунки, улар миллатидан қатъи назар, она Ватанимиз тинчлиги, равнақи йўлида бир жон, бир тан бўлиб яшамоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири