Хорижлик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги материаллари муносиб баҳоланди
Вашингтон шаҳридаги Ўзбекистон элчихонасида “Diplomatic Watch” журнали бош муҳаррири Виктор Готевбега “Олтин қалам” миллий мукофоти топширилди.
У бу йилги халқаро танлов ғолибларидан бири бўлган эди. Журналист Ўзбекистон сиёсати, ташаббуслари ва дунёдаги ўрни ҳақида ўнлаб мақолалар ёзган.
Ушбу тадбир Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси делегациясининг АҚШга сафари доирасида ташкил этилди. Унда мамлакатимизнинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фурқат Сидиқов, хорижий дипломатлар, экспертлар ва журналистлар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов сўзга чиқди. У Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2021 йилда танловда янги йўналиш таъсис этилганини эслатди. “Хорижлик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали” номинацияси чет эллик ижодкорларни рағбатлантирмоқда. Бу амалиёт дунё ахборот маконида мамлакатимиз ҳақидаги материаллар салмоғи ортишига хизмат қилмоқда.

Виктор Готевбе ушбу юксак эътирофдан мамнунлигини билдирди. У бу ҳодиса ҳаётидаги кутилмаган ёрқин воқеа бўлганини таъкидлади.
– Очиғини айтсам, мен жуда ҳайратда қолдим. Буни умуман кутмагандим. Бу мен учун кучли илҳом, рағбат ва алоҳида фахрдир, – деди Виктор Готевбе.
Тадбирда Виктор Готевбе ва “The Hill” газетаси жамоатчи мухбири Жеймс Дурсога Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг фахрий аъзолик гувоҳномалари ҳам топширилди.
ЎзА