Хоразмда зиёлилар мулоқоти ўз ишини бошлади
Урганч шаҳрида “Янги Ўзбекистон зиёлилари – миллий юксалиш таянчи!” шиори остида Хоразм вилояти зиёлиларининг мулоқоти бошланди.
Икки кун давом этадиган мулоқотлар дунёда юз бераётган маданий, сиёсий ва технологик ўзгаришлар, шунингдек, қадриятлар трансформацияси шароитида миллий ўзликни сақлаш, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш, Янги Ўзбекистонни қуриш ва Миллий юксалиш даври сари дадил қадам ташлаш жараёнида зиёлиларнинг ўрни, ташаббускорлиги ва фаол иштирокини оширишга қаратилган.
Нуфузли тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Хоразм воҳасининг таниқли олим ва академиклари, профессор-ўқитувчилари, ёзувчи ва шоирлари, маданият ва санъат намояндалари, журналистлар ҳамда ташаббускор ёшлар иштирок этаётган мулоқотда сўзга чиққанлар бугун зиёлиларнинг давлат қурилиши ва жамият тараққиётидаги иштироки жуда фаол эканлигини таъкидлаб, мамлакатимизда халқаро даражадаги математика, физика ва шахмат мактаблари шакллангани, ўқитувчилар, олий таълим профессорлари, тиббиёт ходимлари, ижодкор ва олимларнинг ойлик маошлари оширилиб, уларга имтиёзли уй-жойлар ва юксак давлат мукофотлари мунтазам топширилаётгани соҳа вакиллари учун улкан рағбат бўлаётганлиги ҳақида гапирдилар.
– Бугун зиёлилар ҳаёти ва фаолиятида рўёбга чиқаётган бу каби ўзгаришлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йилги сайловолди дастурида илгари сурилган эди, – дейди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султонов. – Давлат раҳбари фаолиятининг дастлабки давриданоқ зиёлиларга алоҳида эътибор қаратиб, 2017 йилда энг биринчи учрашувни айнан зиёлилар, олимлар ва ижод аҳли билан ўтказди. Президент бўлганларидан сўнг қабул қилинган илк тарихий ҳужжатлар ҳам бевосита китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилгани миллий юксалиш йўлида зиёлилар қатламига билдирилган юксак ишончнинг ёрқин ифодасидир. Биз ана шу ислоҳотларнинг тирик гувоҳи сифатида тарихга муҳрлаб, халқимизга, ёшларимизга етказишимиз лозим. Шу билан бирга ўтган аср тарихимизда зиёлиларимизнинг аянчли қисматини, уларни “унсур”га чиқариб, халқ душмани сифатида тазйиққа олиниб, қатағон қилинганликларини ҳам унутмаслигимиз керак.
Тантанали тадбирдан сўнг мулоқот иштирокчилари Урганч давлат университети ҳудудида ташкил этилган “Буюк мутафаккирлар хиёбони”га гулчамбарлар қўйишди.
Куннинг иккинчи ярмида республикадан ташриф буюрган ва маҳаллий зиёлилар иштирокида турли мавзуларга бағишланган шуъбаларда муҳокамалар ўтказилиб, таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
[gallery-32482]
Уларда зиёлиларнинг жамият ҳаёти ва тараққиётига оид илғор фикрларини бевосита эшитиш, жойларда кўтарилаётган долзарб ижтимоий-маънавий масалаларни очиқ мулоқот шаклида муҳокама қилиш, мавжуд муаммоларнинг ечими бўйича илмий асосланган амалий таклиф ва ташаббусларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, муҳокамаларда мамлакатимизда инсон капиталини ривожлантириш, глобаллашув шароитида ёш авлоднинг мафкуравий ва рақамли иммунитетини шакллантириш, ахборот маконида соғлом муҳитни қарор топтиришнинг таъсирчан механизмларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари