Марказий банкда мурожаатлар билан ишлаш тизими такомиллаштирилмоқда
Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида Марказий банкнинг Мурожаатлар билан ишлаш департаменти масъул ходими Беҳзод Каримов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Унда жорий йилнинг ўн ойи давомида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари мурожаатлари билан ишлаш борасида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, Президентнинг 2026 йил 1 апрелдаги ПФ-51-сон фармони ижроси доирасида 1 июндан Марказий банк таркибида Мурожаатлар билан ишлаш департаменти ташкил этилди. Мурожаатларни кўриб чиқиш ва назорат қилиш механизмлари ҳам такомиллаштирилди.
Ҳисобот даврида Марказий банкка 72 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 30 фоиз кўп. Мурожаатларнинг 87 фоизи Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали қабул қилинган.
Мурожаатлар билан ишлашдаги муҳим янгиликлардан бири замонавий Алоқа марказининг ишга туширилишидир. Фуқаролар учун 18-00 қисқа рақами жорий этилди. Натижада қўнғироқларга жавоб бериш кўрсаткичи аввалги 6 фоиздан 97 фоизга етди, кутиш вақти эса бир дақиқагача қисқартирилди.
Ҳозирда Алоқа маркази бир кунда ўртача 600-700 та қўнғироқни қабул қилмоқда. Иш вақти ҳам узайтирилиб, иш кунлари соат 21:00 гача, дам олиш кунлари эса 09:00 дан 18:00 гача хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Эшитиш қобилияти чекланган шахслар учун сурдотаржимон иштирокида видеомурожаат қилиш имконияти яратилди.
Шунингдек, Марказий банк раҳбариятининг шахсий ва сайёр қабуллари ташкил этилди. Август-октябрь ойларидаги қабулларда 550 нафардан ортиқ фуқаро ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этиб, уларнинг масалалари кўриб чиқилди.
Тижорат банкларида мурожаатлар билан ишлаш сифатини ошириш мақсадида иккинчи ва учинчи чорак якунлари бўйича энг паст кўрсаткичларни қайд этган 10 та банк рўйхати жамоатчиликка эълон қилинди.
Бундан ташқари, мурожаатларни мавзулар, ҳудудлар ва кредит ташкилотлари кесимида таҳлил қилиш имконини берувчи электрон дашборд жорий этилди. Ходимлар малакасини ошириш, банклар алоқа марказлари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш бўйича ҳам ўқув ва амалий тадбирлар ўтказилди. Шунингдек, Алоқа марказида “ГЭМБА” амалиёти йўлга қўйилди.
Келгусида мурожаатларни ижтимоий тармоқлар ва расмий веб-сайт орқали қабул қилиш, фуқароларга қайта қўнғироқ қилиш имкониятини яратиш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда Алоқа маркази хизматини фуқаролар томонидан баҳолаш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Брифинг якунида таъкидланганидек, Марказий банкнинг асосий мақсади ҳар бир мурожаатга ўз вақтида, холис ва амалий ечимга йўналтирилган ёндашувни таъминлаш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини тезкор ҳал этиш ҳамда тизимга бўлган ишончни мустаҳкамлашга қаратилган.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА