Қаршида “Qarshi Open V” халқаро шахмат турнири якунланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қарши давлат университети Ёшлар марказида шахмат бўйича нуфузли “Qarshi Open V” халқаро турнири бўлиб ўтди.
Мусобақа Ўзбекистон шахмат федерацияси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, вилоят Спорт бошқармаси ҳамда Исмат Шукуров жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилди.
Турнирда Нидерландия, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Исроил каби 11 давлатдан 300 нафарга яқин шахматчи иштирок этди. Мусобақада гроссмейстерлар, жаҳон ва Осиё чемпионлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг етакчи шахматчилари ўзаро баҳс олиб борди.
[gallery-29642]
Швейцарча тизим асосида 9 турда ўтказилган беллашувларда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган иштирокчилар қатнашди. Бу эса мусобақага ўзига хос байрамона муҳит бағишлади.
Мусобақа якунларига кўра, асосий рейтинг баҳсларида Виталий Бернадский биринчи, Саидакбар Сайдалиев иккинчи ва Сапармурат Атабаев учинчи ўринни эгаллади.
Шунингдек, миллий рейтинг баҳсларида Нурулла Уралов ғолиб бўлди. Беҳруз Қудратов иккинчи, Феруз Синдаров эса учинчи ўринни қўлга киритди.
Тақдирлаш маросимида Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев иштирок этиб, ғолиб ва совриндорларни муборакбод этди. Турнир доирасида 33 нафар иштирокчига жами 321 миллион сўмлик пул мукофоти ва эсдалик совғалари топширилди.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, “Qarshi Open V” халқаро турнири Қашқадарёда шахмат спортини оммалаштириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро спорт алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ(сурат),ЎзА