Янги Ўзбекистоннинг энг катта ишончи ва таянчи
Давлатимиз раҳбарининг мактаблар битирувчиларига йўллаган табригида “Албатта, бугунги битирувчи – эртанги муҳандис, шифокор, олим, шоир ва адиб, тадбиркор дегани. Бугунги битирувчи – Учинчи Ренессанс бунёдкори дегани. Сизлар Янги Ўзбекистоннинг энг катта ишончи ва таянчисиз”, деб алоҳида қайд этди.
Бундай ишонч ҳар бир битирувчи қалбида келажакка бўлган катта ишончни уйғотди.
Бу Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Мўминобод маҳалласидаги 127-мактабни битирган ўғил-қизларнинг ёниб турган нигоҳларида ҳам яққол сезилди.
Айтиш керакки, сўнги қўнғироқ овози кимлар учундир қадрдон мактаб билан хайрлашув бўлса, қалби орзуларга лиммо-лим ёшлар учун улкан марралар ва янги зафарлар эшигини очувчи тилсимдир.
Тантанали тадбирга устозлар, таълим соҳаси фаоллари, жамоатчилик вакиллари ҳамда ота-оналар ҳам иштирок этиб, катта йўл бошида турган ёшларга омад тилади. Муносиб касб-ҳунарни эгаллаб, элу халққа хизмат қилиш катта шараф экани уқдириб ўтилди.
Тадбир якунида аълочи ва фаол ўқувчиларга ва уларнинг ота- оналарига ташаккурнома ҳамда фахрий ёрлиқлар топширилди.
Муроджон Шодмонов,
Алфраганус университети талабаси