Қулупнай етиштиришда хориж тажрибаси ўрганилмоқда
Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида қулупнай етиштириш ҳудуднинг “ўсиш нуқта”ларидан бирига айланган. Аҳолининг асосий қисми айни шу йўналишда банд бўлиб, даромад манбаи ҳам мазкур соҳа билан боғлиқ.
Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги ва томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш борасида туманда дастлабки қадамлар ташланмоқда. Ҳозир ижара ер майдонларида ҳам истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Тумандаги гул етиштиришга ихтисослашган корпорация томонидан айни пайтда 20 турдан ортиқ гулларнинг хорижий навлари парвариш қилинмоқда.

Вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси томонидан ушбу манзилда ижара ер эгалари ҳамда деҳқон хўжаликлари раҳбарлари иштирокида ўқув-амалий семинар ўтказилди. Унда Германиядан таклиф этилган малакали мутахассислар Жулиане Браун ва Барт Эсфелдт қулупнайчилик, шунингдек, бошқа резавор мевалар ҳамда гулчилик соҳасидаги илғор хориж тажрибалари билан ўртоқлашди.

Европалик агрономлар томонидан ер унумдорлигини ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва юқори даромад олиш юзасидан амалий тавсиялар берилди. Қолаверса, деҳқонлар ва ижара ер эгаларининг саволларига атрофлича жавоблар қайтарилди.

Айниқса, туманнинг “драйвер” соҳаларидан бири ҳисобланган қулупнайчиликда экспортбоп маҳсулот етиштириш, ҳосилдорликни ошириш, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ҳамда илмий ёндашувларни амалиётга жорий этишнинг аҳамияти хусусида муҳим маълумотлар тақдим қилинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА