Саломатлик учун беш минг қадам
Наманганда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оилада тиббий маданиятни ошириш, турли хил касалликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган “Саломатлик марафони” қизғин паллага кирди.
Мазкур марафон ойлиги доирасида Наманган шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникада ўтказилган “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” акцияси кенг жамоатчилик иштирокида кўтаринки руҳда ўтди.

Шаҳар марказидаги “Хотира ҳиёбони”да бўлиб ўтган тадбирда марказий поликлиника ходимлари, Оби ҳаёт маҳалласи аҳолиси, нуронийлар, ҳудуддаги олий таълим муассасалари талабалари ва Миллий гвардия ходимлари фаол иштирок этди. Қайд этиш ўринлики, акция 700 дан зиёд иштирокчиларни қамраб олди.
Эрталабки соғломлаштирувчи юриш қатнашчиларга тетиклик ва хушкайфият бағишлаш асносида, турли ёшдаги инсонларни ягона эзгу мақсад, яъни соғлом турмуш тарғиботи учун бирлаштирди. Айниқса, кексалар ва ёшларнинг бир сафда қатнашгани тадбирнинг тарбиявий аҳамиятини янада оширди.

- Мунтазам пиёда юриш инсон саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Кунига камида беш минг қадам юриш қон айланишини яхшилайди, ортиқча вазннинг олдини олади ҳамда инсоннинг руҳий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатади, - дейди Наманган шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудираси Мушаррафхон Собирова. – Тадбир давомида иштирокчиларга соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик ва касалликлар профилактикаси борасида фойдали тавсиялар бердик.
“Соғлом ҳаёт учун беш минг қадам!” акцияси аҳоли ўртасида тиббий маданиятни юксалтириш, профилактик тарғибот ишларини кучайтириш ҳамда соғлом ҳаёт тарзини оммалаштиришга хизмат қилди. Зотан, бундай хайрли тадбирлар инсон саломатлигига бўлган эътиборни янада кучайтириб, жамиятда соғлом муҳитни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Пиёда юриш – саломатлик гарови эканлигини ўзида ифода этувчи эзгу акцияда Давлатобод туманидаги тиббиёт ходимлари ҳам алоҳида фаоллик кўрсатдилар.

Қатнашчилар эрта саҳарда яёв юриш машғулотини олиб бориш учун “Ёшлар боғи”га жамландилар. ”Беш минг қадам юриш” акцияси кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Даставвал, жисмоний фаоллик соғлом ҳаёт кечиришнинг муҳим шарти эканлиги тўпланганларга тушунтирилди. Тадбир давомида оммавий равишда юриш машқлари бажарилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА