Пиёда юриш соғлом ҳаёт гарови
Сурхондарё вилояти Музработ туманидаги Юртим жамоли маҳалласида “Соғлом ҳаёт учун беш минг қадам” пиёда юриш марафони ўтказилди.
Маҳалла нуронийлари, спортсевар ёшлар, ташкилот ва муассасалар ходимлари эрта тонгдан беш минг қадам пиёда юриб, унинг саломатлик учун жуда фойдали машғулот эканини кенг намойиш этди.

Мутахассисларнинг айтишича, доимий пиёда юриш қон босимини меъёрлаштириб, организмнинг умумий ҳолатини яхшилайди. Инсонга хуш кайфият бағишлади. Қонда холестерин миқдорини тартибга келтириб, атеросклероз ривожланиш хавфининг олдини олади. Инфаркт ва инсульт каби ҳаёт учун хавфли касалликларга чалинишнинг олдини олишга хизмат қилади.

Олимларнинг илмий тадқиқотлари инсон пиёда юрганида тана ҳаракатлари ва мушаклар қисқариб, барча аъзо ва тўқималарида, қорин бўшлиғи, кичик чаноқ аъзоларида қон айланиш кучайиши, қон таркибида кислород, озуқа моддалар миқдори ошишини ҳам кашф этган. Йилнинг тўрт фаслида пиёда юришни одат қилган инсон барча томирлар, шу жумладан, лимфалар ҳаракатланишини йўлга қўйиб, организмдаги ортиқча туз ва токсинларнинг чиқиб кетишига қулай муҳит яратиши, тана тозаланиб, инсон енгил ҳаракатланиши, умри узайиб, соғлом турмуш кечиришини аниқлаган.

Марафон қатнашчилари пиёда юришнинг ана шундай фойдали тарафлари ҳақида атрофлича фикр алмашиб, мунтазам жисмоний фаоллик ва пиёда юришнинг аҳамиятини, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири