Ўзбекистон аҳолисининг ёш кўрсаткичлари қандай ўзгармоқда?
Аҳолининг ёш таркиби мамлакатнинг демографик ҳолати, ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳамда келажакдаги эҳтиёжларини белгиловчи муҳим кўрсаткичлардан биридир.
Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси таркибида ёшлар улуши юқори. Шу билан бирга, сўнгги йиллардаги демографик ўзгаришлар аҳолининг ўртача ёшида ҳам акс этмоқда. Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига мамлакатимиз аҳолисининг ўртача ёши 29,6 ёшни ташкил этди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ушбу кўрсаткич аввалги ҳисоб-китоблардаги 29,5 ёшга нисбатан 0,1 ёшга ошган.
Шу ўринда савол туғилади: эркаклар ва аёлларнинг ўртача ёшидаги тафовут қандай? Жинслар кесимида қаралганда, эркакларнинг ўртача ёши 29,1 ёш, аёлларники эса 30,2 ёшга тенг экани маълум бўлди. Демак, аёлларнинг ўртача ёши эркакларникидан 1,1 ёшга юқори.
Ҳудудлар кесимидаги таҳлиллар пойтахтда аҳолининг ўртача ёши энг юқори эканини кўрсатмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич 33,6 ёшни ташкил этган. Кейинги ўринларда Навоий вилояти (31 ёш), Қорақалпоғистон Республикаси (30,9 ёш) ва Бухоро вилояти (30,8 ёш) қайд этилган.
Маълумотлар ҳудудлар ўртасида демографик таркиб жиҳатидан муайян тафовутлар мавжудлигини кўрсатади. Жумладан, Тошкент вилоятида аҳолининг ўртача ёши 30,1 ёшни, Фарғона ва Хоразм вилоятларида 30 ёшни, Сирдарё вилоятида эса 29,6 ёшни ташкил қилган.
Шунингдек, Андижон вилоятида 29,3 ёш, Наманган вилоятида 28,8 ёш, Самарқанд вилоятида 28,4 ёш қайд этилган. Жиззах вилоятида аҳолининг ўртача ёши 27,9 ёшга, Қашқадарёда 27,8 ёшга, Сурхондарёда эса 27,4 ёшга тенг.
Таъкидлаш жоизки, энг юқори (Тошкент шаҳри) ва энг паст (Сурхондарё вилояти) кўрсаткичлар ўртасидаги фарқ 6,2 ёшни ташкил этмоқда.
Ушбу таҳлилларни даврлар кесимида қиёслайдиган бўлсак, 2010 йилда Ўзбекистон аҳолисининг ўртача ёши 27 ёш бўлган. 2026 йил бошига келиб эса бу кўрсаткич 29,6 ёшга етган. Яъни, 16 йил давомида аҳолининг ўртача ёши 2,6 йилга ошган.
Бу рақамлар мамлакат демографик таркибидаги ўзгаришларни кузатиш, ҳудудлар кесимидаги ёш хусусиятларини ўрганиш ҳамда таълим, соғлиқни сақлаш ва меҳнат бозори билан боғлиқ узоқ муддатли режаларни шакллантиришда муҳим статистик асос бўлиб хизмат қилади.
М.ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА