ЎзХДП депутатлик гуруҳлари сайловчилар ишончини оқламоқда
Бобур номли Андижон вилояти ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Андижон вилоят кенгаши ҳамда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида “Маҳаллий кенгашлар ва сиёсий партиялар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш” мавзусида маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари фаолиятини кучайтириш масалаларига бағишланган форум бўлиб ўтди.
Тадбирда халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларидаги ЎзХДП партия гуруҳлари раҳбарлари, партиянинг вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.


Форумни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, маҳаллий вакиллик органларида ЎзХДП депутатлик гуруҳларининг қонун ижодкорлиги ва назорат фаолиятини кучайтириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари манфаатларини ифода этиш, партия сайловолди дастури ижросини таъминлаш ҳамда маҳаллий кенгашлар котибиятлари билан ҳамкорликнинг самарали механизмларини йўлга қўйишдан иборат бўлди.
Тадбир очилишида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Андижон вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Мансурали Махсудов сўз олиб, ЎзХДП маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларида халқчил ташаббусларни илгари суриш, фуқароларнинг ижтимоий тенглиги ҳамда аҳоли турмуш даражасини оширишда муҳим сиёсий куч сифатида самарали фаолият олиб бораётганлигини таъкидлади.
ЎзХДП Андижон вилоятидаги 17 та маҳаллий кенгашнинг ҳар бирида депутатлик гуруҳига эга. Партия маҳаллий кенгашларда 101 та депутатлик ўрни билан вилоятда кучли ва кенг тармоқли сиёсий таянч базани шакллантира олган сиёсий куч ҳисобланади.
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят бўлинмаси раҳбари Фарҳодбек Отахонов маърузасида депутатлар фаолияти самарадорлиги ҳамда партия гуруҳлари олдида турган устувор вазифалар ижроси таҳлил қилинди.
Жумладан, жорий йилнинг 9 ойи давомида Андижон вилояти, шунингдек, туман, шаҳар кенгашларида партия гуруҳлари ташаббуси билан жами 44 та қарор қабул қилинган бўлса, уларнинг қарийб ярми, яъни 20 таси айнан ЎзХДП депутатлик гуруҳлари ҳиссасига тўғри келди.

Шу ўринда ЎзХДП ташаббуси билан қабул қилинган қарорларнинг барчаси партиянинг дастурий мақсадлари ва бевосита сайловчилар ўртасида ўтказилган жамоатчилик ўрганишлари асосида ишлаб чиқилганлигини алоҳида қайд этиш ўринли. Қолаверса, ана шу қарорларнинг аксарияти аҳоли турмуш фаровонлиги, инфратузилма ҳолати ва ижтимоий соҳани янада яхшилашга қаратилганлиги билан ажралиб туради.
Форум муҳокамалари жараёнида эришилган натижаларни мустаҳкамлаш билан бирга, келгусида ахборот маконида партия фаоллигини янада ошириш, депутатлик гуруҳларининг медиа имкониятларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қизғин баҳс ва конструктив мулоқот руҳида ўтган форум иштирокчилари муҳокамадаги барча масалалар бўйича ўзаро фикр алмашди, таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.
Форум якунида сайловчилар ишончини оқлаш, маҳаллий вакиллик органларида партия депутатлик гуруҳлари фаоллигини янада кучайтириш бўйича қарорлар қабул қилинди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири