Ўзбекистон халқаро алоқаларни мустаҳкамлаб, ҳамкорлик учун янги имкониятлар очмоқда
ЎзА “Ўзбекистоннинг ташқи дипломатияси” рукнида ўқувчиларни мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, миллий иқтисодий манфаатларни илгари суриш, экспорт имкониятларини кенгайтириш ҳамда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган фаолият билан таништиришда давом этади. Навбатдаги ташаббуслар хорижий ҳамкорлар билан алоқаларнинг бир нечта йўналишини — таълим соҳасидаги алмашинувлар ва меҳнат мобиллигини ривожлантиришдан тортиб, маҳаллий маҳсулотларни илгари суриш ҳамда сайёҳларни жалб этишгача бўлган соҳаларни қамраб олади.
АҚШ. Вашингтонда Ўзбекистон Бош консули Аҳрор Бурхонов “Foundation for International Understanding Through Students” (FIUTS) ташкилоти ижрочи директори Алекс Ради билан учрашув ўтказди. Асосий эътибор ёшлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари ва талабалар учун қисқа муддатли таълим дастурлари ҳамда танишув сафарларини ташкил этишга қаратилди. Музокаралар якунида етакчи университетлар, илмий лабораториялар ва йирик технологик компаниялар, жумладан, “Microsoft” ва “Амазон”га ташрифларни ўз ичига олган махсус дастурларни ишлаб чиқиш таклиф этилди. Мактаб ўқувчилари учун бундай саёҳатлар Америка таълим тизими билан яқиндан танишиш, касб танлаш ва етакчилик фазилатларини ривожлантириш, талабалар учун эса технология, муҳандислик ва тадбиркорлик соҳасидаги билимларини кенгайтириш учун ажойиб имконият бўлиши мумкин. Шунингдек, АҚШ Давлат департаменти томонидан қўллаб-қувватланадиган халқаро алмашинув дастурларида Ўзбекистон ёшларининг иштирокини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Швеция. Икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири меҳнат миграциясини ривожлантириш ва касбий тайёргарликни йўлга қўйиш бўлиб қолмоқда. Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг амалий ташрифи доирасида Швеция Миграция агентлиги ва Олий касбий таълим миллий агентлиги вакиллари билан музокаралар ўтказилди. Тошкент шаҳрида 2026 йил 10 июнда имзоланган ва 1 ноябрдан кучга кирган Миграция ва мобиллик соҳасида кенг қамровли шериклик тўғрисидаги битимни амалда татбиқ этиш масалалари диққат марказида бўлди. Томонлар фуқароларимиз учун ишлаш рухсатномаларини расмийлаштириш тартиби, касбий малакаларни ўзаро тан олиш ва қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш масалаларини муҳокама қилди. Швеция меҳнат бозори талабларига мувофиқ мутахассислар тайёрлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда, бу эса мамлакатимиз фуқаролари учун қонуний ишга жойлашиш ва касбий жиҳатдан юксалиш борасида қўшимча имкониятлар яратади.

Россия. Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консули Ҳожиакбар Ваҳобовнинг шаҳар думаси раиси Андрей Брик билан бўлиб ўтган учрашувида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва ватандошларни қўллаб-қувватлаш масаласи асосий мавзулардан бўлди. Музокаралар давомида Приморье ўлкасига маҳсулотларимизни етказиб бериш ҳажмини ошириш, Владивосток шаҳрида Ўзбекистон савдо уйини очиш, миллий маҳсулотлар ярмаркалари, бизнес-миссиялар ва ишбилармонлар форумини ўтказиш истиқболлари кўриб чиқилди. Шунингдек, меҳмонлар мамлакатимиздаги иқтисодий ислоҳотлар, ташқи савдонинг ривожланиши ва хорижий инвесторлар учун қулай шароитлар яратиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. Иқтисодий кун тартиби билан бир қаторда, томонлар мазкур минтақада истиқомат қилаётган ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда меҳнат миграциясининг долзарб масалаларини ҳал этишга ҳам эътибор қаратдилар.

Япония. Мамлакатимиз элчихонаси дипломатларининг “Nankai Travel International” компанияси президенти Ясухито Киёхара билан музокараларидан Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ва хорижий сайёҳлар учун янги йўналишларни шакллантириш масалалари ўрин олди. Япония кичик ва ўрта бизнес вакилларининг мамлакатимизга қизиқиши ортиб бораётганини қайд этилди. Хусусан, 2024 йилда мазкур компания Осака шаҳридаги ўндан ортиқ тадбиркор учун мамлакатимизга амалий сафар ташкил этган эди.
Навбатдаги учрашувда якка тартибдаги саёҳатлар ва таълим туризмига мўлжалланган сайёҳлик таклифларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Япониянинг Нара шаҳри аҳолиси ўртасида юртимизнинг сайёҳлик имкониятларини кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. 2027 йилда Самарқанд ва Нара шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилганига беш йил тўлиши муносабати билан махсус туристик пакетлар тайёрлаш ва сайёҳлик имкониятлари тақдимотини ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Азиза Алимова, ЎзА