Инсон қадрини юксалтиришга қаратилган миллий дастур амалга оширилади
Ўзбекистонда 2027 йилдан бошлаб аҳоли фаровонлиги, таълим, тиббиёт ва иқтисодиётни тубдан ўзгартирувчи 7 та стратегик миллий дастур амалга оширилади.
Мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини ошириш, таълим, тиббиёт ва иқтисодиётни янги босқичга олиб чиқиш, табиий ресурсларни асраш ҳамда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 ноябрда «Инсон қадрини юксалтиришга қаратилган миллий дастурларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Мазкур тарихий ҳужжат билан 2027–2031 йилларга мўлжалланган еттита стратегик миллий дастур ва уларнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Дастурнинг биринчи устувор йўналиши билим ва малакани тараққиётнинг асосий капиталига айлантиришга қаратилган. Унга кўра, 2027 йилдан бошлаб 6 ёшли болалар бир йиллик мажбурий мактабга тайёрлов гуруҳлари билан 100 фоиз қамраб олинади, 2030 йилгача эса барча умумтаълим мактабларига PISA каби халқаро баҳолаш дастурлари татбиқ этилади. Шунингдек, техникумларда халқаро таълим стандартлари жорий этилиб, 2031 йилга қадар 1 миллион нафар ёш юқори даромадли касбларга ўқитилади, 10 миллион нафар ёш эса рақамли индустрия ва келажак касбларига жалб қилинади.
Олий таълим соҳасида камида 10 та маҳаллий олийгоҳни дунёнинг нуфузли халқаро рейтингларининг топ-1000 талик рўйхатига киритиш ҳамда ўзбек тилининг рақамли муҳитда, хусусан, сунъий интеллект моделларидаги мавқеини мустаҳкамлаш вазифаси белгиланди.
Аҳолининг соғлом ва узоқ умр кўришини таъминлаш доирасида соғлиқни сақлаш тизимига йўналтириладиган давлат харажатлари улуши 2031 йилга бориб ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5 фоизга етказилади. Тиббиётда профилактикага асосланган моделга ўтилиб, 2031 йилгача республикадаги барча хонадонлар давлат тиббий суғуртаси тизими билан тўлиқ қамраб олинади.
Беморлар учун реимбурсация дастури асосида бепул бериладиган дори воситалари тури 28 тадан 69 тагача оширилади, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам соҳасида эса дунёнинг камида 5 та нуфузли клиникаси мамлакатимизга жалб қилинади.
Юқори технология ва меҳнат унумдорлигига асосланган иқтисодиётни ривожлантириш дастури орқали 2030 йилгача мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 300 миллиард АҚШ долларига, аҳоли жон бошига ЯИМни эса 10 минг доллардан ошириш мақсад қилинган. Келгуси ўн йилда иқтисодиётга 450 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар жалб этилиб, саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратилади.
Стартаплар, венчур капитали ва сунъий интеллектни ривожлантириш устувор йўналишга айланиб, ҳар йили 500 та кичик ва 100 та ўрта корхонани йириклаштириш бўйича махсус экотизим ишга туширилади.
Сув ресурслари ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартириш йўналишида 2030 йилга бориб суғориладиган экин майдонларида сув тежовчи технологиялар қамрови 100 фоизга етказилади. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси янги босқичга олиб чиқилиб, туман ва шаҳар марказларида яшиллик даражаси камида 30 фоизга етказилади, давлат таълим ва тиббиёт муассасалари ҳудудидаги боғлар ҳамда яшил майдонларни хусусийлаштириш қонун билан тақиқланади.
Суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида умумтаълим мактабларининг 1–11-синфларида ҳуқуқий саводхонлик дастури тизимли йўлга қўйилади. Жиноят ишларини юритишда фуқаролар ва тадбиркорларнинг хусусий мулк дахлсизлиги қатъий кафолатланиб, кибержиноятчиликка қарши 24/7 режимида ишловчи тезкор марказ ташкил этилади.
Яширин иқтисодиётга қарши курашиш учун ягона онлайн платформа яратилиб, «Шаффоф қурилиш» тизими солиқ органлари билан интеграция қилинади. Шунингдек, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, алимент миқдорини яшаш харажатларига мувофиқ адолатли белгилаш механизмлари кучайтирилади.
Фармон билан маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантириш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилмоқда. Эндиликда давлат дастурлари, туман ва шаҳар бюджетлари ҳамда инфратузилма лойиҳалари бевосита маҳаллаларнинг талаб ва буюртмалари асосида шакллантирилади ва улар юзасидан 30 кунлик муддатда асослантирилган қарор қабул қилиш тартиби ўрнатилади.
Еттинчи йўналиш доирасида эса Ўзбекистоннинг тинчлик, дўстлик ва бағрикенглик диёри сифатидаги нуфузини юксалтириш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, прагматик ташқи сиёсат ва иқтисодий дипломатияни фаол давом эттириш, 2027–2030 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига раислик доирасида муҳим халқаро ташаббусларни илгари суриш ҳамда Афғонистон бўйича конструктив сиёсатни изчил олиб бориш белгиланди.
Миллий дастурлар ижроси устидан Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий Кенгашлар томонидан парламент ва депутатлик назорати ўрнатилади. «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамда «Юксалиш» ҳаракати эса жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда жойлардаги ишларни танқидий ўрганиб боради. Ушбу кенг кўламли ислоҳотлар инсон қадрини амалда улуғлаш ва мамлакатимизнинг барқарор тараққиётини таъминлашга хизмат қилади.
ЎзА