Меҳмонхоналарда миллий руҳ қанчалик акс этган?
Ўзбекистондаги 7,5 мингдан зиёд меҳмонхона миллий маданият элчисига айланмоқда. Янги амалий қўлланма орқали улар сайёҳларга ўзбекона руҳни чуқур ҳис эттиради.
Туризм қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, юртимизда 7,5 мингдан ортиқ меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаси фаолияти йўлга қўйилган. Улардаги ўринлар сони эса 207 мингдан зиёд. Бу рақамлар ортида шунчаки меҳмонхона хоналари эмас, балки Ўзбекистонни дунёга танитиш учун улкан имконият мужассам.

Шу нуқтаи назардан, хорижлик меҳмонларга миллий маданиятимизни намоён этишда меҳмонхоналарнинг ўрнини кучайтириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Хусусан, “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази” давлат муассасаси томонидан “Меҳмонхоналарда миллийликни тарғиб қилиш” номли амалий услубий қўлланма ишлаб чиқилди.

Қўлланмада миллийлик фақатгина девордаги нақш, миллий либос ёки анъанавий буюмлар билан чекланмаслиги таъкидланган. Аксинча, у меҳмонхонага киришдан тортиб, кузатиб қўйишгача бўлган бутун жараёнда намоён бўлиши лозим бўлган яхлит маданий тажриба сифатида талқин этилган. Яъни, сайёҳ меҳмонхонада нафақат дам олиши, балки ўзбекона меҳмондўстликни ҳис қилиши, миллий таомларимиздан татиб кўриши, ҳунармандчилик намуналарини кўриши, халқимизнинг урф-одатлари ва қадриятлари билан яқиндан танишиши керак. Бундан ташқари қўлланмада мамлакатнинг барча ҳудудларидаги жойлаштириш воситаларида миллийликни жорий этиш бўйича бешта асосий йўналиш белгиланган.

Соҳа вакилларининг сўзларига кўра, меҳмонхонада кўрган биргина миллий нақш, татиб кўрган бир пиёла кўк чой ёки самимий ўзбекона муомала сайёҳнинг Ўзбекистон ҳақидаги хотирасига айланиши мумкин.

Демак, миллийликни тарғиб қилиш — меҳмонхона интерьерига безак қўшиш эмас, балки Ўзбекистоннинг ўзига хос қиёфасини ҳар бир меҳмонга ҳис эттириш.

Муҳайё Тошқораева,
ЎзА